Катта йигирматалик саммити доирасида Туркия ғарбида газ хаби ва Истанбулда энергия маркази ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған G20 давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган Ню-Деҳлидан қайтаётганда журналистларга маълум қилди.
“Биз G20 доирасидаги, шунингдек, барча халқаро платформалардаги учрашувларда ҳамкасбларимиз билан энергия масаласини муҳокама қилдик. Биз Россия газини Туркия орқали Европага етказиб бериш бўйича ишимизни давом эттирмоқдамиз”, деди президент.
Унинг сўзларига кўра, ушбу масалалар бўйича музокаралар давом этмоқда.
Эрдўған Европага бошқа давлатлардан Туркия орқали газ етказиб берилиши мумкинлигини таъкидлади. Шундай қилиб, вақт ўтиши билан Туркия газ нархини белгиловчи марказга айланади: “Истанбулнинг Аташеҳир туманидаги Молия марказида нафақат газ, балки нефт, минерал ва газ билан ҳам шуғулланадиган энергия маркази очамиз. Буларнинг барчасидан ташқари, Тракя минтақасида газ маркази ҳам бўлади."
Президент Аташеҳирдаги марказ турли энергия манбаларини сотиш ва тарқатиш жойига айланишини таъкидлади.