15 июль куни Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси экологик назорат инспекцияси ходимлари томонидан Пешку туманидаги “Сафрон” чўл массивида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Рейд тадбирига вилоят экология бошқармаси инспекцияси бошлиғи Ж.Тошев бошчилигидаги экологик назорат инспекцияси ходимлари А.Қурбонов, Б.Рўзиев, Ж.Ядгаров, Ф.Муродов, Н.Мухаммадиев ва О.Ҳесеновлар жалб этилди.
Рейд давомида инспекторлар Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар томонидан (шахси номаълум) “ЗИЛ” русумли юк машинаси билан чўл массиви ҳудудидан ноқонуний равишда саксовул ўсимлигини кесиб, юк машинасига ортган ҳолда чўлнинг ички йўли орқали кетётганини кўриб қолишган ва бошқармага тегишли давлат рақами "80 033 ECO" бўлган “JAK” русумли автомашина билан юк машинасини таъқиб қилишган.
Кузатув давомида тахминан 110 км масофадан сўнг юк машинаси Ғузор–Бухоро–Нукус А-380 автомобиль йўлининг Бухоро вилоятидан Хоразм вилояти йўлига чиқиб, ҳаракатни давом эттирган. Шундан сўнг Ж.Тошев автомобиль йўли бўйлаб 5 км масофадан сўнг бошқарма инспекцияси ходимлари Н.Мухаммадиев ва О.Ҳесеновларни орқадан келаётган бошқа автомашиналарни назорат қилиш учун тушириб, ўзи “ЗИЛ” русумли юк машинасининг ортидан кузатувни давом эттирган. У юк машинасидан ўтиб кетганида тахминан 200 метр масофада Хоразм вилоятига тегишли давлат рақами "90 Х 780 ХХ" бўлган оқ рангли “ISUZU” русумли юк машинаси йўлини тўсган. Машинадан нотаниш фуқаролар қўлида ҳар хил турдаги совуқ қуроллар (бита, арматура, темир труба) билан тушиб келиб, бошқарманинг автомашинасини уриб, пачоқ қилган ҳамда инспекция бошлиғини ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлашган. Шундан сўнг Ж.Тошев воқеа жойидан кетган.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлар бошқарма инспекцияси ходимлари Н.Мухаммадиев ва О.Ҳесеновларни юз ва тана қисмларининг барча соҳасига уриб, турли хил оғир тан жароҳатлари етказишган (Н.Мухаммадиевнинг оёғи синган). Кейин уларни юк машинасининг бортига юклаб, ўзлари билан олиб кетаётган вақтда инспекторлар ҳаракатланаётган юк машинасининг орқа борт қисмидан ўзларини ташлаб, қочишга улгуришган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.