Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Эр нега хотинини ваҳшийларча ўлдирди: Намангандаги фожиа ҳақида батафсил

Эр нега хотинини ваҳшийларча ўлдирди: Намангандаги фожиа ҳақида батафсил

Фарида ошхонада салкам ўн йилдан буён официант бўлиб ишларди. Шу ошхонага тез-тез келиб турадиган Элдор уни ўрганди, у билан гаплашди ва турмуш қуришганди. Табиийки, хотинининг иши тўйдан кейин Элдорнинг ғашини келтира бошлади. У аёлини пойлайдиган, ҳуда-беҳуда рашк қиладиган бўлиб қолганди.

Ўша куни тонгда эр-хотин эртага ҳовлиларида пиширилажак сумалак маслаҳатини қилишди. Яхши кайфият билан ширин орзулар қилишганди. Фарида ишга бориб келадиган, Элдор сумалак учун қозон ва ўчоқ топиб ҳовлига ўрнатадиган бўлди.

Қанийди шундай давом этганида...

Муқаддам тўрт маротаба судланган, икки бор узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиниб жазо ўтаган Элдорнинг феъли тайин. Асло бир ишга қўл ургиси келмасди. Яна айланиб ошхонага бориб қолди. Хотинининг эркакларга хизмат қилиб юрганидан ғазаби қайнади. Шу ернинг ўзида жанжал кўтарди.

Фарида эрини шу дам жаҳлдан туширишга кўзи етмай шу яқин атрофда бўлган ота уйига чопди.

— Ака, эрим ошхонада тўполон қиляпти, бориб уни алдаб уйга олиб боринг, мен ҳисоб-китобимни қилиб ортинглардан етаман. Юринг, ака, илтимос, шундай қилмасангиз бўлмайди.  

Ҳар қанча зарур юмушлари бўлса ҳам синглисининг оҳ-зоридан ўтолмаган Ғайратбек синглиси билан ошхонага етди. Бу вақтда кун асрга бориб қолганди. Бир зумда хотинининг йўқолиб қолганидан аламзада Элдор важоҳати билан ошхонада ўтирарди.

— Қаёққа йўқолдинг, кимнинг олдига бориб келяпсан?! – хотинини кўрибла ўшқирди у.

— Акамни айтиб келдим, сизни кутяптилар.

Ғайратбек куёви билан гаплашиб ташқарига чиқди. Кафега ўтиб пиво ичишди. Салгина хавридан тушгандай бўлган куёвни уйига бошлади.

— Ишламаса, ишламас, мен ҳам сиз тараф, фақат бугун ҳисобини қилиб берсин. Эртадан чиқмайди ишга. Юринг, биз уйга бориб турамиз...

Уларнинг ортидан етиб келган Фарида ўчоқ-қозоннинг ўрнатилмаганини кўриб сиқилди.

— Менинг ортимдан пойлаб боргунча шуни қилсангиз бўларди-ю...

Элдорнинг мияси қисиб қолгандай яна хотинига ўшқира кетди.

— Ғазабланманг, Элдорбек, мен ҳам шу ерда қоламан, эрталаб эрта турсак улгурамиз, яхшиси, эртароқ дам олинглар.

Эр-хотиннинг жанжали ичкарида ҳам тўхтамади. Кишини ваҳимага солувчи тўс-тўполондан қўшни хонада ётган қайини ҳам кўз юма олмасди. Синглисининг додлаши, аёвсиз калтакланаётганлигини қулоқлари унга англатиб турарди. “Ёрдам беринг!!!”

Бу гап уни хонада қолишига йўл қўймади. Қандай қилиб учиб чиқди, синглисининг ётоғида пайдо бўлди. Аҳволдан ўзини йўқотиб қичқирди: “Нима қилиб қўйдинг?!”

Куёв қўлида қон пичоқни ушлаганча турарди. Юзтубан ётган сингил базўр шивирлади, “Ака, дўх...тир чақ...қиринг”.

Ғофир шошганча қўшни девордан қичқириб “Тез ёрдам” чақиришларини айтдию, ортига чопди. У етиб келганда Элдор синглисининг сочидан ушлаб, бўғзига пичоқ тираб турарди.

— Йўқ! Ундай қилма, илтимос! Пичоқни ташла! Ташлаа!!!

Аммо... бундай фожиалар юз беришига, бошингдан мусибат ёғилишига бир сония кифоя. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ака етиб келолмади.

 Эр пичоқни ташламади, аксинча, ўз аёлининг бўғзидан тортиб юборди... Шифокорлар келишганда Фариданинг жони узилиб бўлганди.  

Суд тиббий илмий амалий маркази эксперт хулосасидан: ...марҳума Ф.Эшжонованинг ўлими бўйин олди юзаси чуқур кесилган, бўйин териси, тери ости мушаклари, тери ости веналари ва ички веналари, уйқу артерияси адашган нервлари кесилган жароҳатларидан, ўткир массив қон кетиши ва қон йўқотиш натижасида келиб чиққани, бундан ташқари кўкрак қафаси чап олд юзаси ва кўкрак қафаси орқа юзаси кўкрак қафасига тешиб кирган жароҳатлар ўнг ўпка юқори бўлагини санчилган-кесилган  жароҳати, ўнг кўкрак орқа ўнг елка  соҳаси санчилган кесилган, ўнг қўл кафти ва чап қўл 2-бармоғи кесилган жароҳатлардан иборат бўлиб, жароҳат санчувчи кесувчи пичоқ тиғ қисми таъсирида етказилган бўлиши мумкинлиги, дастлаб чап кўкрак соҳасига, у қочишга уринган пайтда юрганида ёки югурганида ўнг кўкрак орқа юзаси ва ўнг елка соҳасига, охирида бўйин соҳасидаги жароҳатлар етказилган бўлиши мумкинлиги, Ф.Эшжонова чап кўкрак, ўнг кўкрак орқа юзасидаги  жароҳатлари, ўнг елка соҳасидаги жароҳатлар вақтида у мустақил ҳаракат қилган бўлиши мумкинлиги, бўйин соҳасидаги жароҳатдан сўнг қисқа вақт ичида ўлим юз бергани...” ва ҳоказо.

Кўриниб турибдики, аёлнинг бир неча жойига шафқатсизларча пичоқ уриб таскин топмаган эр сўзсиз ўлимга олиб келувчи чорани қўллайди.

Тизгинсиз, асоссиз рашк бир оилани шу тарзда мағлуб этди.

Бир ёшгина аёл бевақт оламдан кўз юмди. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди судьяси Д.Ахмадалиева раислигида кўрилган суд мажлиси якунига кўра, ноқобил эр Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж”банди билан
17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Фожиа сабаблари тубдан ўрганилганда, иштирокчилар руҳий-маънавий қиёфасида эврилишлар, бўшлиқлар мавжудлиги кузатилади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ҳам аксарият фожиаларнинг доясига айланган. Хусусан, бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эр томонидан ўз хотинини шафқатсизларча ўлдириш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бунинг сабаблари ҳар бир оиланинг ўзига хос муҳити, муомала-муносабати, ижтимоий-маиший ҳаётига монанд. Ўринсиз шубҳа-гумонлар, яқинларига нисбатан ҳурматсизлик, худбинлик, моддий эҳтиёж фожиани чақирган. Унутмаслик керакки, фожиа қандай сабаб, қандай кўринишда, кимлар томонидан содир этилмасин, унинг туб илдизида руҳий-эътиқодий мезонларнинг саёзлиги ётади, маънавий-ахлоқий тарбиянинг емирилишини кузатиш мумкин.

 Зеро, жойларда, маҳаллаларда ташкил этилаётган ишчи гуруҳлари ва уларнинг фаолияти негизида ҳам аввало оилалар осойишталиги, бардавомлиги, фаровон турмуш тарзини тарғиб этиш, оилалардаги етишмовчиликларни аниқлаш ва барҳам бериш каби масалалар мақсад қилинганлигидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмуни аввало оила саодати – халқ манфаатидан иборат эканлигини кўрсатади. Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, турмуш шароитлари билан боғлиқ мавжуд муаммолардан хабардор бўлиш, аҳил-тотувлик, фарзандлар тарбияси оила аталмиш муқаддас қўрғон пойдевори мустаҳкам бўлиши учун ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ҳам аниқ режалар билан ишлаш лозим. Бу, ўз навбатида, ҳар бир маҳаллага кириб бориб, ҳар бир оиланинг ижтимоий-маиший аҳволи, руҳий-маънавий қиёфасини ўрганиш, аниқланган муаммоларга самарали ечим излаш ва шу орқали жамият ҳаётини юксалтириш имконини беради. Ҳолбуки, бир оиладаги саодатли ҳаёт қувончи жамият бахти бўлганидек, ундаги парокандалик жабрини ҳам бутун бир жамият тортади.

 

Акрамжон Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 катта консультанти

Киритилди: 12:38 08.10.2019. Ўқилди: 7609 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!