Осиё Чемпионлар лигаси Элит мусобақасининг 3-туридан ўрин олган учрашувда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Ироқнинг “Эйр Форс” клубига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдаги ягона гол иккинчи бўлимда киритилди.
Баҳсни фаол бошлаган “Пахтакор” дастлабки дақиқаларда ҳимояда ишончли ҳаракат қилди. 14-дақиқада Башар Ресан узоқ масофадан зарба йўллади, аммо тўп рақиб футболчисига тегиб қайтди. Бир дақиқа ўтиб, Айман Ҳуссайн қулай имкониятга эга бўлди, бироқ ундан фойдалана олмади.
17-дақиқада “Пахтакор” пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Рақиб футболчиси тўпни қўли билан қайтаргани учун ҳакам дастлаб 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Бироқ вазият VAR орқали кўриб чиқилгач, 22-дақиқада пенальти бекор қилинди.
Биринчи бўлимнинг 38-дақиқасида “Пахтакор” дарвозабони Санжар Қувватов рақибнинг яқин масофадан берган кучли зарбасини қайтариб, жамоасини голдан қутқарди.
Ҳакам биринчи бўлимга беш дақиқа қўшиб берди. Қўшимча вақтнинг учинчи дақиқасида Айман Ҳуссайн чап оёқда кучли зарба йўллади, аммо тўп дарвозага аниқ бориб тушмади. Жамоалар танаффусга ҳисоб очилмаган ҳолда йўл олишди.
Иккинчи бўлимнинг 54-дақиқасида “Пахтакор” ҳужумчиси Фламарион гол уриш учун яхши имкониятга эга бўлди, бироқ вазиятдан фойдалана олмади.
70-дақиқада “Эйр Форс” учрашувдаги ҳисобни очди — 1:0. Шу тариқа мезбонлар баҳсда устунликка эга бўлишди.
“Пахтакор” мураббийлар штаби томонидан амалга оширилган ўзгаришлар ҳам жамоага фойда бермади. “Пахтакор” ҳисобни тенглаштира олмади ва учрашувдаги мағлубиятни қабул қилди.
Шу тариқа, “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигаси Элит мусобақасининг 3-турида “Эйр Форс”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Элит ОЧЛ. Ғарб минтақаси, 3-тур
“Эйр Форс” — “Пахтакор” — 1:0
Гол: Саад Абдуламир (70)