Бугун 22 май, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Электр ва метрополитен поездлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда

A A A
Электр ва метрополитен поездлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда

Бугун дунё бозорига янги йўллар очиш, мамлакатимизни бошқа минтақалар билан боғлайдиган замонавий транспорт коммуникацияларини барпо этиш энг муҳим мақсадлардан бирига айланган.

Юртимиз магистрал темир йўл тармоқлари шарқ ва ғарб, жануб ва шимолни бирлаштирадиган каттта транспорт коммуникация ва транзит салоҳиятига эга. Шунинг учун мазкур соҳа иқтисодиётимизнинг қон томири, халқаро бозорларни забт этишда муҳим восита ҳисобланади.

Қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ягона темир йўл тармоғи орқали бирлаштирилиб, мавжуд минерал хомашё ва табиий ресурсларни ўзлаштириш, шунингдек, йўловчиларни ташишда кенг имкониятлар яратилмоқда.

Тармоқнинг саноат корхоналарида эса ўнлаб турдаги махсус вагонлар, энг замонавий йўловчи ташиш вагонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгусида ривожланишини инобатга олган ҳолда, ер усти халқа метроси ва замонавий кўприклар қуриляпти.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг темир йўл тизимидаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси – Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводига ташрифи ҳам бежиз эмас.

Мамлакатимиз темир йўл транспорти тимзимида янги йўналишлар бунёд этилиб, қўшимча қатновлар сони кўпайиши ўз-ўзидан йўловчи вагонларга талаб ва эҳтиёж янада ортишига сабаб бўлмоқда. Юртимизда аҳоли сонининг тобора ошиб бораётгани йўловчи ташиш соҳасини ривожлантириш, қўшимча қатновларни йўлга қўйиш, замонавий қулайлик яратишни тақозо этади.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхона иш жараёнини кўздан кечириб, муҳандис ходимлар билан мулоқот қилди. Ушбу йирик қувватда дастлаб йўловчи вагонларни даврий таъмирлаш режалаштирилган эди. Кейинчалик завод мутахассислари янги йўловчи вагонларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

Зуфар НАРЗУЛЛАЕВ, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси:

– Юриб турган электропоездлар 18 метр эди, уларни 22 метрга кенгайтириб, ювиниш хоналари ташкил этилди, шунингдек, қўшимча қулайликлар яратилди. Ўзбекистон бўйлаб Ховос ва Бўстонлиққа юрадиган саккиз дона электропоездимиз бор.

Заводимизда йилига 50 тагача вагон ишлаб чиқариларди. Президентимиз корхонамизга ташрифи давомида 100 та вагон ишлаб чиқаришни топшириқ қилиб берди. Бунинг учун уч сменада иш ташкил қилинади. Энг асосийси, маҳсулотимиз бозори бор, шахсан юртбошимизнинг ўзлари йўналишларни белгилаб беряптилар.

Вагонларимизни “Ўзбекистон темир йўллари” сотиб олади. Бундан ташқари, заводнинг ўзида қўшни давлатларга экспорт қилинади.

2024 йил заводда 322 йўловчи вагонни таъмирлаш, 31 янги йўловчи вагонни қўриш режалаштирилган. Шунингдек, “Қозоғистон темир йўллари” билан тузилган шартномалар асосида 15 та купе туридаги вагонни капитал таъмирлаш, янги русумдаги автомобиллар ташишга мўлжалланган махсус гараж вагони ҳамда иккита янги йўловчи плацкарт вагонларини ишлаб чиқаришни кўзлаганмиз.

Бундан ташқари, Навоий кон-металлургия камбинати учун янги 15 та махсус вагон қуриш ҳамда йўловчи ташиш хўжалигига кенг купели, замонавий ётоқлар билан жиҳозланган, янги йўловчи вагонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбарига заводда амалга оширилиши режалаштирилаётган янги йўналиш, электр ва метрополитен поездлари лойиҳаси тақдимот қилинди. Қайд этиш керак, ушбу лойиҳа минтақамизда илк электро ва метропоездлар ишлаб чиқарилишига асос бўлади.

Шунингдек, Тошкент Хива йўналишига қўйиладиган тезюрар поезд ҳақида ҳам ахборот берилди. Президентимиз бу ҳақда 2022 йилда Хоразмда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиш маросимида айтган эди. Бу учун Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан юқори тезликдаги электропоезд олиб келиниши мўлжалланган. 7 вагонга эга электропоезд 351 та ўриндиққа эга бўлади. Соатига 250 километр тезликда ҳаракатлана олади.

Рустам РАҲИМОВ, Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири, тақдимотчи:

– Биринчи босқичда маҳаллий – вилоят ичидаги аҳоли учун мўлжалланган электропоездларни тақдим қилмоқчимиз. Тезлиги 120 километр, ўриндиқлар сони 306 та. Кейинги босқичда эса шаҳарлараро электропоездини ташкиллаштиришни режа қиляпмиз. Бунда аэродинамикани инобатга олган ҳолда, тезлиги юқори бўлганда, ҳаттоки ҳаво қаршилигини енгиш учун энергия сарфламаслик ҳаракатини бошлаганмиз.

Барча илмий ёндашувлар транспорт университети профессор ўқитувчилари, амалий ва ишлаб чиқариш жараёнлари эса ушбу завод конструктор-технологлари томонидан амалга ошириляпти. Шу билан бирга асосий вазифалардан бири – йўловчиларга қулайлик яратиш ва уларнинг сиғими. Таклиф қилаётган янги электропоездларда йўловчилар сиғимини максимал даражада ошириш чоралари кўрилади.

Биламиз, метрога талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Тақдимот давомида йўловчилар сиғимини инобатга олиб, янги техник ечимлар хусусида маълумот бердик.

Ишлаб чиқариш тамойилига ўтсак, биринчи босқичда 40-45 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда, замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилади. Кейинчалик маҳаллийлаштириш фоизини, албатта, кўтариб борамиз.

Киритилди: 05:34 25.03.2024. Ўқилди: 1096 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!