ЕИда Европа дипломатияси раҳбарининг кескин баёнотларидан норозилик билдирилмоқда. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Европа Иттифоқи расмийлари ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича вакил Кая Калласнинг кескин баёнотлари ва раҳбарлик услубидан норози бўлишмоқда. Politico нашри манбаларига кўра, уруш риторикаси Европада кўплаб сиёсатчиларни ташвишга солмоқда.
"Агар Каллас хонимни тингласангиз, гўёки биз Россияга қарши уруш олиб бораётгандек туюлади. Бу эса Европанинг расмий позициясига тўғри келмайди", — деб таъкидлаган ЕИ расмийларидан бири.
Politico нашрига кўра, Европа Иттифоқида Калласнинг қаттиққўллиги ва ўзгача раҳбарлик услубидан ҳам норозиликлар бор. У ўз ходимлари ва ҳамкасблари билан мулоқотда айрим ҳолатларда босим ўтказаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Кая Каллас аввал Эстония бош вазири бўлган ва Россияга нисбатан қаттиқ позицияси билан танилган сиёсатчилардан бири саналади. У Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори вакили лавозимига 2024 йилда тайинланган эди.