Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

ЕИ Украинага Европа тинчлик жамғармаси орқали 4,9 миллиард евро ёрдам ажратди

ЕИ Украинага Европа тинчлик жамғармаси орқали 4,9 миллиард евро ёрдам ажратди

Европа Иттифоқи Кенгаши Украинага ёрдам кўрсатиш учун Европа тинчлик жамғармаси (EPF) доирасида 4,9 миллиард евро ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу маблағ ЕИнинг Украинадаги ҳарбий тайёргарлик миссиясини молиялаштиришни давом эттириш ва Иттифоқ мамлакатларининг Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун сарфлаган харажатларининг бир қисмини қоплаш имконини беради.

ЕИ Кенгаши хабар беришича, маблағнинг асосий қисми — 4,7 миллиард евро ЕИга аъзо давлатларнинг ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб бериш билан боғлиқ харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Қолган 230 миллион евро эса ЕИнинг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича ҳарбий миссиясини (EUMAM Ukraine) молиялаштириш учун ажратилади.

Ушбу қарорлар сентябрь ойи охирида ЕИ мамлакатлари томонидан Украинага Европа тинчлик жамғармаси орқали 6,6 миллиард евро ажратиш бўйича эришилган сиёсий келишувни амалга оширишнинг бир қисми ҳисобланади.

Сўнгги қарорларни ҳисобга олганда, Европа тинчлик жамғармаси орқали Украинани қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми 10,8 миллиард еврога етди. Шундан 9,9 миллиард евро ЕИ мамлакатларининг ҳарбий ёрдам учун қилган харажатларини қоплашга, 950 миллион евро эса украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга йўналтирилган.

Бундан ташқари, ЕИ Кенгаши маълум қилишича, жамғарма орқали Россиянинг музлатилган активларидан олинган 3,5 миллиард евро миқдоридаги даромад Украина учун устувор бўлган учта йўналишга — ўқ-дорилар харид қилиш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш ва учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олишга сарфланган.

Шунингдек, қиймати 1,5 миллиард евродан ортиқ ҳарбий техника бевосита Украина мудофаа саноати корхоналаридан харид қилинган.

Европа тинчлик жамғармаси 2021 йил март ойида ташкил этилган бўлиб, у ЕИнинг умумий ташқи сиёсати ва хавфсизлик сиёсати доирасидаги чора-тадбирларни молиялаштириш, жумладан, ҳамкор давлатларнинг ҳарбий ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Киритилди: Бугун 08:40. Ўқилди: 267 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!