Европа Иттифоқи Грузия ҳукуматининг сиёсий репрессияларига жавобан санкциялар жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. 2025 йил 15 июл куни Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Тбилисидаги сиёсий вазият муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлади, деб хабар бермоқда Politico.
Сўнгги ҳафталарда Грузияда мухолиф сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши ва суд тизимига босим бўлаётгани ЕИнинг кескин муносабатига сабаб бўлди.
Йил бошида Европа Иттифоқи дипломатик паспорт эгалари учун визани чеклаган, ҳукумат структураларига молиявий ёрдамни қисқартирган ва юқори даражадаги учрашувларни тўхтатган эди. Энди эса қаттиқроқ чоралар муҳокамада: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ЕИ механизми доирасида айрим амалдорларга қарши виза тақиқлари ва активларни музлатиш каби санкциялар режалаштирилмоқда.
Энг кескин чоралар қаторида Грузия фуқаролари учун визасиз режимни тўлиқ бекор қилиш эҳтимоли ҳам бор. Агар Брюссель бу қарорни қабул қилса, Грузия ЕИга номзод бўлган биринчи давлат сифатида визасиз режимдан маҳрум бўлади.
Швеция ва Балтикабўйи давлатлари бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда, айниқса октябрь ойидаги маҳаллий сайловлардан кейин вазият ёмонлашса. Грузия фуқароларининг ЕИ билан визасиз тартибдан ажралиши ҳукмрон партия — «Грузин орзуси» рейтингини тушириб юбориши мумкин.
Бироқ Словения, Румыния каби баъзи давлатлар бу чоралар оддий фуқароларга зарар етказишини таъкидлаб, эҳтиёткорликка чақирмоқда.
Франция, Нидерландия, Польша, Австрия, Швеция ҳамда Балтика давлатлари санкцияларни фаол тарғиб қилмоқда. Аммо Венгрия ва Словакия диалог йўлини танлаш тарафдори бўлса, Греция кескин қарорлар Грузия билан сиёсий тангликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Энг муросали вариант сифатида айрим грузин амалдорларининг ЕИ ҳудудига киришини чеклаш ёки Ассоциация келишуви, жумладан, эркин савдо бандларини қисман тўхтатиб туриш таклиф этилмоқда. Бу чораларни иттифоқ ичида мутлақ бир овозликсиз, малака билан кўпчилик асосида қабул қилиш мумкин.
ЕИ таркибига кириш бўйича Грузия номзодлик мақомини бекор қилиш эҳтимоли ҳам муҳокамада, бироқ бу қарор фақат 27 давлатнинг якдил розилиги билан амалга ошади. Бундай ҳолат Брюссель ва Тбилиси ўртасида сиёсий инқирозни келтириб чиқариши мумкин.