Бу галги Европа Чемпионлар лигаси финали ҳар доимгидан-да ўзгачароқ кечади. Бу сафар кутилмаган рақиблар турнир бош соврини учун кураш олиб боришади. «Реал» бу гал ўзи ўйнаб ўрганган «Бавария», «Барселона» ёки «Атлетико»га қарши эмас, ҳали тўлиқ кашф этиб улгурмаган «Ливерпул»га қарши ўйнайди.
«ЛИВЕРПУЛ»НИНГ ИМКОНИЯТИ — 50 ФОИЗ
Ҳа, Юрген Клопп шогирдларининг имкониятини 30 ёки 40 фоиз деб баҳолаётганларга бироз шошилмасликни маслаҳат берамиз. Чунки, эҳтимол, «мерсисайдликлар» таркиб ёки маҳорат жиҳатдан «Реал» билан тенглаша олмас, аммо ҳозир инглиз клубида иқтидор ва шижоат етарли даражада.
Ҳаммамизга маълум, олдинга шаҳд билан интилиб бораётган инсонни тўхтатиш мушкул. Айниқса, ўша инсоннинг иштаҳаси ҳар доимгидан карнай бўлса. «Ливерпуль» ҳозир ана шу инсон ролида. Юрген Клопп шогирдлари учун финалга чиқишнинг ўзи бир бахт эди, аммо улар чемпионлик учун ҳам интилишади, бу — аниқ.
«Ливерпул»нинг биринчи ютуғи — таркиб. Ёш, кучли, тезкор футболчилар, ҳар бири ғалабага чанқоқ, ҳар бири Европа Чемпионлар лигаси бош совринини қўлга киритишга муштоқ. «Реал» учун бу соврин оддий ҳолга айланган бўлса, «Ливерпуль» учун мўъжизанинг ўзгинаси. Қолаверса, Юрген Клопп ҳам, унинг шогирдлари ҳам тушуниб туришибдики, бундай имконият кейинги сафар бўлмаслиги мумкин. «Ливерпуль» кейинги йили Европа Чемпионлар лигаси финалига чиқа оладими, йўқми, Худо билади. Шу боис мерсисайдликлар финалда ҳаёт-мамот жангини олиб боришлари шубҳасиз.
Бундан ташқари, Юрген Клопп битмас-туганмас иқтидорга эга. У бир пайтлар «Боруссия»ни бошқарганида айнан «Реал»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Ўшанда «қироллик клуби» ҳозиргидан кучли бўлса кучли эдики, кучсиз эмасди. Мураббий ҳам яхшигина тажрибага эга Жозе Моуриньо эди. Аммо Клопп ярим финалда «Реал»ни Европа Чемпионлар лигасидан чиқариб юборди, ўша пайтда «Боруссия» ҳам иқтидорли, футбол тили билан айтганда, катта футболчиларга эга эмасди. Левандовски эса «Реал»га 4 та гол уриб, машҳурликка эришганди.
Бу сафар бироз бошқача. «Қизиллар» сафида аллақачон машҳурликка эришган футболчи бор, бу — Муҳаммад Салоҳ. Қолаверса, германиялик мутахассис қўл остида тезкор ўйин кўрсата оладиган, керак пайтда қарши ҳужум тезлигини ошира биладиган футболчилар етарли. Бу эса Клоппга қўшимча куч бағишлайди. «Реал»нинг финалда биринчи рақам остида ўйнашини инобатга олсак, ўз-ўзидан «Ливерпул»да, албатта, қарши ҳужум учун имкониятлар бўлади.
Клопп — тактика жиҳатидан жуда кучли мураббий. У агар «Реал»га қарши ўйинда жамоавий кучни тўғри тақсимлай олса, муваффақиятга эришиши мумкин. Қолаверса, худди «Рома» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйинларда бўлгани каби футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини ошира олиши лозим. Бу ерда бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш талаб этилади, яъни футболчиларнинг онгидан «Реал»нинг етакчи клуб эканлиги ҳақидаги тушунчани чиқариб ташлаш зарур. Ёдингизда бўлса, Италия чемпионатида «Наполи» устози «Ювентус»га қарши ўйиндан олдин футболчиларига «Ювентус» ҳақида ўйлашни ҳам тақиқлаганди. Бу эса футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини оширганди. Шу боис агар «Ливерпуль» футболчилари «Реал»нинг салобатини ёддан чиқаришса, ҳеч қандай ваҳимага берилишмайди ва финал ўйинида ўзларини йўқотиб қўйишмайди.
«РЕАЛ»НИНГ ЮТУҒИ — ТАЖРИБА
«Реал» айни дамда «Ливерпул»дан бир жиҳатдан устун, бу — тажриба. Ҳар сафар «қироллик клуби» тажриба эвазига зафар қучмоқда. Бундан олдинги иккита финалда ҳам Зидан шогирдлари тажриба эвазига совринни илиб кетишган. Рамос ҳал қилувчи паллаларда гол уриш тажрибасини ўзлаштирган, «Реал» қўшимча бўлимларда қандай ўйнашни ўрганиб олишган ва Зидан шогирдлари 120 дақиқа бир хил тепмда ўйнай билади. Бу Зиданнинг кучни тўғри тақсимлай олиши ва «Реал» футболчиларининг қайси вақтда нима қилиш лозимлигини ўзлаштиришгани билан боғлиқ.
Айни пайтдаги «Реал» ўтган йилгидан кучсизланган, бу — аниқ. Зиданнинг ротациялари ҳам ҳали пишиб улгурмади. Таркибда юлдуз футболчиларнинг кўплиги эса бугунги кун футболида иш бермай қўйди. Шу боис франциялик мутахассис фақат бир жиҳатга — тўғри тактикага ва тажрибага таяна олади, холос.
Рақиб — тезкор жамоа. Ўзинг каби ўйнайдиган клубга қарши ҳаракат қилишнинг эса машаққатли томонлари кўп. Қолаверса, «Реал»нинг ҳужум чизиғида яхшигина муаммолар бор. Қувонарли жиҳати, Иско ва Карвахаль финалга тайёр бўлади. Иско-ку майли, унинг ўрнида ўйнайдиган футболчи топилади, аммо Карвахалнинг ўрни билиниши тайин эди. Хайрият, Зидан бу муаммолардан халос бўлди.
Зиданнинг олдида жуда катта масъулият, босим турибди. Агар «Реал» Европа Чемпионлар лигасида ғолиб бўла олмаса, франциялик мутахассис ноқулай аҳволда қолади. Биринчидан, «Реал» бутун бошли мавсумни совринсиз якунлайди, бу «қироллик клуби» учун ҳам, Зидан учун ҳам жуда салбий натижа. Иккинчидан, Зидан айнан Европа Чемпионлар лигаси финали учун Ла Лигада курашни муддатидан олдин тўхтатди. Ҳатто иккинчи ўриндан ҳам деярли воз кечди. Ҳаммаси — Европа Чемпионлар лигаси бош соврини учун. Учинчидан, айнан Зидан туфайли «Реал» ўтган йил ёзида деярли трансферларни амалга оширмади. Зидан қўл остидаги футболчилар билан яхши натижаларни қўлга киритишига Флорентино Пересни ишонтирди. Ҳозир эса унинг сўнгги имконияти қолди, агар «Реал» Европа Чемпионлар лигаси финалида ҳам мағлуб бўлса, Перес франциялик мутахассиснинг икки марта кетма-кет Европа чемпиони бўлганини ҳам унутади. Шу боис «Реал» босим билан ўйнайди ва бу ўйин давомида рақиб фойдасига хизмат қилиши ҳам мумкин. Бироқ «Реал»да ғолиблик синдроми бор. «Реал» чемпион бўлиш кўникмасига эга. «Реал» учун финаллар оддий ўйинга айланган. Шу боис «қироллик клуби» футболчилари финални ортиқча хатоларсиз ўтказиши эҳтимоли юқори.
Бу бир ўйинлик тўқнашув, унда ҳар нарса бўлиши мумкин. Иккала клубда ҳам вазиятлар бўлиши тайин. «Реал» ўйин давомида тўпни ўзида олиб юриб, рақибни тўпсиз қолдиришга ўрганган жамоа эмас. «Реал» рақибга ҳам имконият бериб ва уни хато қилишга мажбур қилиб, бу билан ўзига имконият ҳосил қиладиган ва ундан фойдаланадиган жамоа. Бу шуни англатадики, финалда «Ливерпул»да ҳам имконият бўлади. Ҳаммаси шу имкониятлардан қандай фойдаланишга боғлиқ. Финалда кичик имкониятлардан ҳам фойдаланган, камроқ хато қилган ва омади кулган жамоа ютади. Нима бўлганда ҳам ажойиб финал кўришимиз шубҳасиз.