Бугун 12 ноябрь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

ДХХ: Наманган, Хоразм, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди

ДХХ: Наманган, Хоразм, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мансабдор ходими ўзининг турмуш ўртоғига деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилган 1 гектар ерни танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 6900 АҚШ доллари ва 15 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, жорий йилнинг март ойида ушбу ер майдони мазкур мансабдор шахснинг турмуш ўртоғи томонидан аукцион орқали сотиб олиниб, апрель ойида туман ҳокимлиги билан ижара шартномаси тузилганлиги ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги маълум бўлди.

Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда Урганч тумани ҳокимлиги ходими 1977 й.т. шахс билан ўзаро келишган ҳолда, алдов йўли билан харидорнинг ишончига киришади.

Хусусан, унга туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига мувофиқ, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш мақсадида бошқа бир фуқарога ажратиб берилган, бироқ, тасдиқлаш учун вилоят ҳокимининг қарори чиқарилмасдан ва тегишли тартибда кадастр хужжатлари ишлаб чиқилмасдан, давлат рўйхатига киритилмай қолган 1 гектар ер майдонида енгил типдаги коттежлар қуриш мумкинлигини айтишади.

Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорини жорий йилда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириб беришни маълум қилишади.

Аммо, улар қўштирноқ ичидаги хизматлари эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, кадастр ва архитектура фаолияти билан шуғулланувчи хусусий фирма раҳбари ҳам ушбу пул маблағидан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Ғозғон шаҳар кадастр бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота тумани ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Денов шаҳрида яшовчи, 1974 й.т. фуқаро ўзининг турмуш ўртоғи номидаги фермер хўжаликка чорва озуқа экинлари экиш учун ижара шартномаси асосида ажратиб берилган 5,33 гектар ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 10:20 24.09.2024. Ўқилди: 1065 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!