Дунёнинг эски тартиботи ортга қайтмайди. Агар стол атрофида бўлмасак, менюда бўламиз — Канада бош вазири.
Марк Карни Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида нутқ сўзлаб, асосий кучлар геосиёсати бугун ҳеч қандай чегараларсиз, ҳеч қандай чекловларсиз юритилаётгани таъкидлади.
"Бошқа давлатлар, айниқса Канада каби ўрта кучлар ожиз эмас. Улар инсон ҳуқуқларига ҳурмат, барқарор ривожланиш, бирдамлик, суверенитет ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги каби қадриятларни ўз ичига олган янги тартибни барпо этиш салоҳиятига эга. Ожизларнинг кучи — аввало ҳалолликдан бошланади.
Гўё ҳар куни бизга шуни эслатишаётгандек: биз йирик давлатлар рақобати даврида яшаяпмиз, қоидаларга асосланган тартиб емирилмоқда, кучлилар қўлларидан келганини қилади, кучсизлар эса бошига тушганига чидашга мажбур.
Сўнгги йигирма йил ичида молия, соғлиқни сақлаш, энергетика ва геосиёсатдаги инқирозлар ҳаддан ташқари глобал интеграция хатарларини фош қилди. Аммо яқинда йирик давлатлар интеграцияни қуролга айлантира бошлади: божлар босим воситаси, молиявий инфратузилма мажбурлаш қуроли, таъминот занжирлари эса заифлик сифатида ишлатилмоқда. Агар интеграция сизни бўйсундириш манбаига айланса, “ўзаро манфаат” ҳақидаги ёлғон ичида яшаб бўлмайди.
Шуни айтишим мумкинки, ўрта кучлар биргаликда ҳаракат қилиши шарт. Чунки агар биз стол атрофида бўлмасак, менюда бўламиз. Йирик кучлар ҳозирча ёлғиз юришга қодир – бозор ҳажми, ҳарбий қудрати ва босим имкониятлари бор. Ўрта кучларда эса бундай имконият йўқ.
Эски тартиб қайтмаслигини биламиз. Уни соғиниб ўтириш керак эмас. Носталгия - стратегия эмас. Аммо биз ишонамизки, бу парчаланишдан янада кучлироқ ва адолатлироқ нарса қуриш мумкин. Бу ҳақиқий ҳамкорликдан энг кўп фойда кўрадиган ўрта кучлар вазифасидир. Кучлилар ўз кучига эга. Аммо бизда ҳам ёлғон ижросини тўхтатиш, ҳақиқатни номлаш, ички кучимизни қуриш ва биргаликда ҳаракат қилиш салоҳияти бор", — деди Канада бош вазири.