Бугун 3 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Дунёда ОИТСга чалинган беморлар сони йилига салкам 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда

Дунёда ОИТСга чалинган беморлар сони йилига салкам 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир дунёда ОИВ инфекцияси ташхиси қўйилган қарийб 40 миллион киши яшайди.

Ҳар йили беморлар сони салкам 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, хасталик йилига 600 мингдан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўляпти. Албатта, бу кўрсаткичлар ОИВ инсон ҳаёти учун жиддий таҳдид эканлигининг яққол тасдиғидир.

Ушбу глобал муаммога қарши ҳамжиҳатликда курашиш мақсадида ҳар йили 1 декабрь санаси дунё бўйлаб Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори Баҳром Эгамбердиевнинг фикрича, ҳозир юртимизда ўз статусидан хабардор бўлган ОИВ билан яшовчилар 87 фоизга, беморларни ретровирусга қарши муолажалар билан қамраб олиш кўрсаткичи 89 фоизга етган.

Соҳа рақамлаштирилиши натижасида 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекцияли болаларга нафақа тайинлаш, ҳомиладорлар, никоҳланувчилар ва аҳоли турли вакилларини ОИВга текшириш, беморларнинг тиббий кузатуви, хорижга чиқиш, донорлик ҳамда туғилиш маълумотларида аниқликка эришилиб, оворагарчиликка чек қўйилди.

Беморларга, республиканинг қайси манзилида яшашидан қатъи назар, чегарасиз тиббий хизмат кўрсатиш ва муолажа ўтказиш имконияти яратилди. Дориларни қабул қилишда узилишларнинг олдини олиш чоралари кўриляпти.

Ушбу инфекция билан яшовчи оналардан туғилган болаларга ОИВ юқишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни инфекцияга текшириш қамрови 100 фоизга етказилди.

ОИВ аниқланган бўлғуси оналар ва улардан дунёга келган фарзандлар ретровирусга қарши дори воситалари, чақалоқлар олти ойлик бўлгунига қадар қуруқ сут аралашмалари билан таъминланмоқда.

Туман лабораториялари фаолияти рақамлаштирилиши натижасида барча ОИВ скрининги натижалари электрон тизимда ўз аксини топяпти.

Жорий йилда ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўз статусини билишлари учун 5 миллион нафардан ортиқ аҳоли орасида тегишли текширувлар ўтказилди.

Албатта, буларнинг барчаси келгусида бу хавфли касалликнинг олдини олиш, уни эрта босқичда аниқлаб, самарали даволашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Киритилди: 13:44 01.12.2025. Ўқилди: 557 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!