Одам савдоси жиноятчи гуруҳларга ҳар йили 236 миллиард доллар даромад келтирмоқда. Бу ноқонуний фаолият гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан кейин жиноят даромади бўйича учинчи ўринда туради. Дунё бўйлаб қарийб 50 миллион киши қулликда яшамоқда. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради .
Қайд этилишича, одам савдоси қурбонлари сони дунё бўйича 25 фоизга ошган. Ҳисоботда 2019-2023 йиллар оралиғидаги маълумотлар таҳлил қилинган. Уч йил ичида 200 мингдан ортиқ жабрланганлар аниқланган, аммо асл сон бундан анча юқори бўлиши мумкин. Одам савдосига ижтимоий ва иқтисодий омиллар катта таъсир кўрсатади. Энг кўп зарар кўрувчилар камбағал аҳоли қатламлари, ижтимоий озчиликлар, қочқинлар ва ноқонуний муҳожирлар.
“Жиноятчилар тобора кўпроқ одамларни мажбурий меҳнатга, жумладан, мураккаб онлайн фирибгарлик ва кибержиноятларга жалб қилмоқда. Шу билан бирга, аёллар ва қизлар жинсий эксплуатация ва гендер зўравонлигининг ортаётган хавфига дуч келмоқда” , дейди БМТнинг Венадаги бўлими бош директори Гада Вали.
UNICEF маълумотларига кўра, 30 миллион мигрант бола одам савдосининг қурбони бўлиш хавфи остида. Мутахассислар уларни эксплуатация таҳдидига энг кўп дучор қилаётган омил бу иқлим ўзгариши эканини таъкидламоқда. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб табиий офатлар туфайли 216 миллион киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлади. Уларнинг аксарияти Жанубий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка давлатларидан бўлиши кутилмоқда.
Ташкилотнинг хабар беришича, фақат 2022 йилда ҳарбий можаролар ва гуманитар инқироз сабабли 37 миллион бола мажбуран кўчирилган. Бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён энг юқори кўрсаткич.
UNICEF’нинг сўнгги ҳисоботида келтирилишича, бугунги кунда 140 миллион бола ишлашга мажбур. Уларнинг аксарияти Африкада яшайди – бу қитъада 87 миллион вояга етмаган бола меҳнат қилмоқда. Осиё-Тинч океани минтақаси иккинчи ўринда – у ерда 28 миллион бола мажбурий меҳнат хавфи остида. Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида эса бу кўрсаткич 8 миллионни ташкил этади.
Улардан қарийб ярми соғлиғи ва хавфсизлигига таҳдид солувчи хавфли меҳнат турларига жалб этилган. Ташкилот ҳисоботига кўра, қишлоқ хўжалиги болалар меҳнатининг энг катта соҳаси бўлиб қолмоқда ва барча ҳолатларнинг 60 фоизи айнан шу йўналишга тўғри келади. Ундан кейинги ўринларда хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда саноат, жумладан, кончилик ва қайта ишлаш тармоқлари туради.