2025 йилда дунё заводларида ишлаётган саноат роботлари сони рекорд даражага — 5 миллионтага етди. Бир йилда заводларга 600 мингдан ортиқ янги робот ўрнатилди. Бу 2024 йилга нисбатан 11 фоиз кўп
Янги роботларнинг 59 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келди. Мамлакат заводлари 354 мингта робот ўрнатди. Хитойда биринчи марта маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги улуши хорижий компаниялардан ошиб, 55 фоизга етди.
АҚШ 2025 йилда Японияни ортда қолдириб, саноат роботлари бўйича дунёдаги иккинчи йирик бозорга айланди. Ҳиндистонда эса робот ўрнатиш ҳажми бир йилда 15 фоизга ўсди.
Халқаро робототехника федерацияси прогнозича, 2026 йилда дунёда яна 655 мингта янги саноат роботи ўрнатилади. 2029 йилга бориб бу кўрсаткич йилига 806 мингтага етиши мумкин.
Мутахассислар роботлаштиришнинг асосий сабаблари сифатида ишчи кучи танқислиги, ишлаб чиқаришни истеъмол бозорларига яқинлаштириш ҳамда сунъий интеллект, машинали кўриш ва сенсор технологияларининг ривожланишини кўрсатмоқда.