Асримизнинг учинчи ўн йиллиги ҳамма нарсанинг оёғини осмондан қилиб ташлаш билан бошланди. COVID-19 ўз ортидан кўплаб кўнгилсизликларни етаклаб келди. Коронавирус кундалик ҳаётимиз кўринишини жиддий ўзгартирди. Бизнинг кунларимизда уй – бу янги идора. Интернет – бу янги конференц-залга айланди.
Масаланинг хавотирли томони, БМТ ҳузуридаги Жаҳон Озиқ-овқат дастурининг огоҳлантиришича, дунё бўйлаб очарчилик билан юзма-юз келадиган инсонлар сони икки баравар кўпайиши мумкин экан. Ҳалокатнинг олдини олиш учун зудлик билан чора кўриш талаб қилинади. Жаҳон Озиқ-овқат дастури тайёрлаган ҳисоботга кўра, очарчиликдан азият чекаётган инсонлар сони 135 миллиондан 250 миллиондан зиёдга етиши мумкин.
Бу инсонларнинг аксари қонли можаролар, иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгариши муаммоларига дуч келган 10 мамлакат фуқаролари. Озиқ-овқат инқирозига бағишланган Глобал ҳисоботда қўрқинчли очарчилик таҳдиди юзага мамлакатлар сифатида Яман, Конго Демократик Республикаси, Афғонистон, Венесуэла, Эфиопия, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Нигерия ва Гаити тилга олинган.
Ҳисоботда ўтган йили Жанубий Судан аҳолисининг 61 фоизи озиқ-овқат инқирозига дуч келгани айтилади. Ҳали коронавирус пандемияси бошланмасданоқ, Шарқий ва Жанубий Африкадаги мамлакатлар озиқ-овқат тақчиллигини бошидан ўтказишни бошлаган, бунга қурғоқчилик ва чигиртка ёпирилиши сабаб бўлган.
Жаҳон Озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли видеоконференция орқали БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаатида “донолик билан, тезлик билан“ чора кўришга чақирган. “Биз бир неча ой ичида дунё миқёсидаги бир неча очарчилик билан юзма-юз келишимиз мумкин. Аччиқ ҳақиқат шуки, биз ўзимиз томонимиздан етарли вақтга эга эмасмиз“, деб айтган Бисли.
Би-Би-Сига интервьюсида Дэвид Бислининг айтишича, агар БМТ зарур маблағ ва егулик билан таъминламаса бир неча ой ичида 30 миллион ёки ундан кўп инсон очликдан ўлиши эҳтимоли юқори. Аммо шу кеча-кундузда донорлар Covid-19 инқирози туфайли пайдо бўлган молиявий мушкулликларини аритиш устида бошлари қотган. Бирор-бир мамлакат вакили энг ночорларга ёрдам беришдан бўйин товламайди. Аммо кўмак беришни истаётган мамлакатларнинг ўзлари ҳам ҳозир озиқ-овқатни аввало ўзлари учун ғамлаш, сўнг оч қолаётганларга жўнатиш йўлларини кўрмоқда.
Жаҳон Озиқ-овқат дастури етакчи иқтисодчиси Ориф Ҳусайннинг айтишича, коронавирус пандемиясининг иқтисодий таъсири “аллақачон ипда осилиб турган миллионлаб инсонлар учун ҳалокатли бўлган. Шу ой бошида Жаҳон Озиқ-овқат дастури молиялаш билан боғлиқ инқироз туфайли Ямандаги Хусий исёнчилари назорат қилаётган ҳудудларга кўмакларни ярмига қисқартиришга мажбур бўлгани ҳақида баёнот тарқатган эди. Айтилишича, айрим донор мамлакатлар ўзлари юбораётган озиқ-овқатларини етказишга Хусий қўшинлари қаршилик қилади, деган хавотир билан ёрдамини тўхтатишга қарор қилган.
БМТ ҳар ой 12 миллион яманликнинг қорнини тўйғазаётганини айтади. Бу Хусий қўшинлари назоратидаги аҳолининг 80 фоизи деганидир. Апрель ойида Яманда илк коронавирусни юқтириш ҳолати аниқлангани хабар қилинди. Аслида уруш туфайли вайрон бўлган мамлакатда 20 миллион киши инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Мамлакатда апрель ойидан бери давом этаётган вабо эпидемияси оқибатида юзлаб инсонлар касалликни юқтиришга улгурган. Яман аҳолисини очарчиликдан қутқариш учун зарур бўлган таъминотнинг фақатгина 40 фоизидан камроғи ҳомийлар томонидан етказилган.
БМТ маълумотларига қараганда 1975 йилда дунёда 500 миллион, 1990 йилда салкам 620 миллион аҳоли очарчиликка мубтало бўлган, 1998 йилда 841 миллионга яқин аҳоли тўйиб овқатланишдан маҳрум бўлди. Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги паст ва қолоқ техникага эга бўлган Африка ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида миллионлаб аҳоли очарчиликдан қутилган эмас.
Коронавирус пандемияси туфайли дунёдаги миллионлаб корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатгани 2 миллиард 700 миллион ишчига таъсир кўрсатди. Жаҳонда камбағал аҳоли сони қарийб 2 бараварга ёки 500 миллион кишига кўпайиш хавфи юзага келмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистонда ҳам карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайган. Карантин туфайли, табиийки, ишсизлар сони ҳам ошган. Буни апрель ойидаги 20 кунлик солиқ тушумларида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, қатор вилоятларда 30-40 фоиз, айрим туман ва шаҳарларда эса 50 фоиздан зиёд тушум таъминланмаган. Бундай оғир шароитда давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, бир ой илгари қабул қилган 2 та қарорга асосан, ҳозирга келиб нафақа ва моддий ёрдам оладиган болали оилалар сони 595 мингдан 655 мингга, яъни 60 мингтага кўпайтирилди. Шунингдек, аҳолининг кредитлар бўйича 3 триллион 260 миллиард сўмлик тўловлари муддати узайтирилди. Карантин даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 141 минг 800 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиб, уларга 43 миллиард 225 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди. Шу билан бирга, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан 219 минг оилага озиқ-овқат ва санитария-гигиена маҳсулотлари тарқатилди.
Бироқ, шу билангина чекланиб қолиб бўлмайди. Кун сайин ўзгараётган вазият аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг томорқа майдонларида бозорбоп экинлар экишни таъминлашга кўрсатма бергани ҳам бежиз эмас. Мақсад қамбағаллик кўламини камайтириш ва мамлакатда озиқ-овқат танқислиги юзага келишининг олдини олиш. Шунинг учун 8 апрель куни ўтган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.
Яна халқаро майдонга қайтадиган бўлсак, сайёрамизда ўзаро қарама-қаршиликлар кўпайиб бориши ва иқлим ўзгариши туфайли 2019 йилда очликдан қийналаётганлар сони 861 миллион кишига етган бўлса, 150 миллиондан ортиқ болалар нимжон бўлиб ўсаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилган. Унда можаролар ва иқтисодий пасайишлар қатори айрим минтақаларда ёғингарчиликлар меъёридан ошиши, шунингдек, қурғоқчилик ва сув тошқинларини келтириб чиқараётган иқлим ўзгаришлари очлик даражаси ошишига асосий сабаб қилиб кўрсатилган.
Масалан, Осиёда беш ёшгача бўлган қарийб ҳар ўнинчи бола оч қолаяпти. Бундай норасидаларнинг бўйига нисбатан тана вазни Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги болаларникига нисбатан паст бўлиб қолмоқда. Дунёда репродуктив ёшдаги ҳар учинчи аёл камқонликдан азият чекмоқда, бу улар ҳамда фарзандлари соғлиги ва ривожланишига жиддий хавф солаётир. Камқонлик тарқалганлик даражаси Африка ва Осиёда Шимолий Америкага қараганда қарийб уч баробар зиёдни ташкил этади.
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдидаги энг катта глобал муаммо – бу озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва очлик муаммосидир. Жаҳондаги озиқ-овқат муаммоси, очликка қарши кураш ва улар билан боғлиқ бўлган турли касалликлар давлатлар ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ажралмас қисмидир. Озиқ-овқат хавфсизлиги инсоният ривожланишининг муҳим бўғини сифатида 2000 йилда БМТнинг йиллик саммити доирасида кўрилган бўлиб, минг йиллик декларацияси ва БМТ минг йиллик ривожланиш мақсадларида қайд этилган.
Очлик ва тўйиб овқат емасликнинг анъанавий муаммолари даромадлар кескин табақаланиши соҳасида: ижтимоий планда – синфлар ва жамиятдаги табақалар ҳамда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида кескин тус олмоқда. Шу билан бир қаторда, ҳозирги замон юқори технологияли ва глобал тараққиёт овқатланиш муаммосига янги жиҳатларни қўшди. Жумладан, ривожланган давлатлар бўйлаб “тўкин-сочинлик парадокси” ҳаракатда бўлиб, фаол тарқатиб келинаётган “тезкор овқатланиш” трансмиллий технологиялари (масалан, “McDonaldʼs”, “ KFC – Kentucky Fried Chicken”, “Pizza Hut”) билан бир қаторда норационал овқатланишнинг касалликлари, ортиқча вазн ва семириш, соғлиқнинг йўқолиши ва биргаликда кечувчи бир қанча касалликларнинг тарқалиши билан биргаликда кечмоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкил этилган озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган биринчи конференция 1974 йилда ўтказилган бўлса, унда жаҳон озиқ-овқат муаммосини яқин 10 йил ичида ҳал қилишга қарор қилинган эди. Лекин кейинги чорак асрда сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, бу муаммо ҳалигача ҳал этилгани йўқ. Агар ХХ асрнинг 70-йилларида жаҳон аҳолисининг учдан бир қисми тўйиб овқатланмаган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон савдоси ҳажми уч баравар ошди, шу билан бирга, жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ўсиш суръатлари 3 фоиздан кейинги ўн йилликда 1,6 фоизга тушди. Бунда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми жаҳоннинг 90 та мамлакати, жумладан, Африканинг 44 та мамлакатида пасайди. Бу жаҳонда аҳоли сони йилига 90-100 миллион кишига ошиб бораётган ва 861 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланмаётган шароитда юз бераяпти.
Коронавирус ер юзига тарқалаётгани сари бутун дунё мамлакатлари олдида янги муаммо, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари пайдо бўлмоқда. Демак, давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга доир изчил чора-тадбирлар олиб бориши шарт.
Мамлакатимизда бу масала ечимига олдинроқ киришилган. Президентимизнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, мазкур соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш масалалари аниқ белгилаб берилган.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, жаҳон миқёсидаги мазкур муаммо ечими очлар армиясининг камайиши гарови бўлиб хизмат қилади.
Абдували Сойибназаров, ЎзA