Бугун 9 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Дунё мамлакатларида устоз ва мураббийларни қайси кунда табриклашади?

Дунё мамлакатларида устоз ва мураббийларни қайси кунда табриклашади?

Барчамиз ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда ўқитувчи ва устозларнинг хизмати беқиёс. Уларнинг биз учун қилган меҳнатларини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш қонунчилигимизда ҳам белгилаб қўйилган.

Унга кўра, юртимизда 1996 йилдан буён 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни сифатида нишонланади ва бу кун дам олиш куни ҳамдир. Қизиқ, бу байрам бутун дунёда ҳам айнан шу куни нишонланадими? Қуйида ушбу байрам дунё мамлакатларида айнан қайси куни ўтказилишини билаб оласиз.

1994 йил 5 октябрь – Бутунжаҳон ўқитувчилар куни сифатида қабул қилинган. Ҳар йили шу куни 100 дан ортиқ мамлакатда ўқитувчилар ўзларининг касб байрамларини нишонлашади. Лекин ҳамма давлатларда ҳам ундай эмас.

Россияда бу байрам октябрь ойининг биринчи якшанбасида нишонланса, Аргентина ўқитувчилари куни ҳар йили 11 сентябрда бўлиб ўтади ва бу бутун халқ учун жуда муҳим воқеа ҳисобланади.

Бразилияда эса, ўқитувчилар куни 15 октябрга белгиланган. Энг қизиғи, Албанияда устозлар куни халқаро хотин-қизлар байрами куни, яъни 8 мартда бўлиб ўтаркан.

Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни сифатида ўтказиладиган 9-май санасида кореяликлар ўқитувчиларини касб байрами билан табриклашади.

* Тайвандликларда бу байрам Конфуций таваллуд топган кун шарафига – 28 сентябрга тўғри келмоқда.

* Октябрь ойининг охирги жума куни Австралияда устозларга байрам совғалари улашилади.

* Ливанда ўқитувчилар куни юқори кўламда нишонланадиган байрамлардан бири бўлиб, устозларга аталган тантаналар 3 мартдан 9 мартгача давом этади.

* Туркиялик мураббийлар бу байрамни 24 ноябрь куни нишонлашади.

* Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Молдавия, Эстония, Литвия давлатларида бу байрам ЮНЕСКО томонидан Бутун дунё ўқитувчилар куни сифатида белгиланган 5 октябрь куни ўтказилади.

Хуллас, байрам қаерда қачон нишонланишидан қатъий назар устозларимизни унутмайлик. Зеро, бугунги даражага эришишимизда уларнинг ҳиссаси катта. Устоз деганда нафақат мактаб ёки олийгоҳдаги ўқитувчилар балки мустақил ҳаётда ўз йўлини топишда тўғри йўл кўрсатган инсонлар ҳам тушунилади.

Нозима РАҲМАТОВА тайёрлади

 

Киритилди: 14:55 29.09.2019. Ўқилди: 21354 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!