Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё бўйлаб 2023 йилда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 316 миллион кишига етганини маълум қилди.
БМТнинг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бошқармасининг хабар беришича, мазкур кўрсаткич 2022 йилда 292 миллионни ташкил этган. Каннабис ҳали ҳам энг кенг тарқалган гиёҳванд модда бўлиб қолмоқда. Уни 244 миллион киши истеъмол қилади. Ундан кейинги ўринларни опиоидлар (61 млн), амфетаминлар (30,7 млн), кокаин (25 млн) ва экстази (21 млн) эгаллайди.
Кокаин савдосининг тез суръатлар билан ўсиб бораётгани БМТ экспертларини алоҳида хавотирга солмоқда. Ушбу гиёҳвандлик воситасини ноқонуний ишлаб чиқариш 2023 йилда 3708 тоннагача ошган. Бу 2022 йилга нисбатан 34 фоизга кўпдир. Сўнгги ўн йилликда кокаин истеъмол қилувчилар сони 8 миллионга ошган.
Уюшган наркотрафик гуруҳлари ўз мақсадлари йўлида жаҳон инқирозларидан фойдаланмоқда ва аҳолининг заиф гуруҳларини нишонга олмоқда, — дейди бошқарма ижрочи директори Гада Вали.
У халқаро ҳамжамиятни жиноий тармоқларга қарши янада фаолроқ курашишга чақирмоқда. Наркокартеллар ўртасидаги кескин рақобат энди Лотин Америкаси билан чекланиб қолмаётгани, балки тобора кўпроқ Африка, Осиё ва Европани қамраб олаётгани таъкидланмоқда.
Гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш оқибатида биргина 2021 йилнинг ўзида ярим миллионга яқин ўлим қайд этилган. 28 миллион соғлом яшалиши мумкин бўлган йил йўқотилган. 2023 йилда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликларга чалинган ҳар 12 кишидан атиги биттаси зарур даволанишни олган.