Дубайдан Тошкентга учиши керак бўлган авиарейс мажбуран бекор қилинди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airways ахборот хизмати.
Унга кўра, ҳаво кемасининг учишга тайёр эмаслиги ва экипажнинг иш вақти чеклангани сабабли 12 сентябрь кунги Дубай–Тошкент йўналиши бўйича HY334 авиақатнови мажбуран бекор қилинди. Йўловчилар 13 сентябрь кунги HY334 мунтазам авиақатновида олиб келинади.
Йўловчиларга Дубай шаҳрида қолиш учун меҳмонхона тақдим этилади. Uzbekistan Airways ноқулайликлар учун узр сўради ва авиакомпания учун парвозлар хавфсизлиги устувор вазифа бўлиб қолишини эслатди.
Бундан аввал Ўзбекистондан Москвага учган икки авиарейс бошқа аэропортларга йўналтирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ҳаво кемасининг кеч келиши муносабати билан Тошкент—Анталия—Тошкент HY3223/3224 йўналиши бўйича парвоз ўзгартирилган жадвал бўйича амалга оширилгани ҳақида хабар берилганди.