Дубай амири 2008 йилда глобал молиявий инқироз туфайли тўхтаб қолган ва юзлаб харидорларни умидсизликка солиб қўйган лойиҳани қайта тиклаб, машҳур пальма дарахти шаклидаги сунъий оролларнинг энг каттасини ривожлантиришнинг янги режасини тасдиқлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Palm Jebel Ali лойиҳасининг янги бош режаси 80 та меҳмонхона ва дам олиш масканларини ўз ичига олади ва амирликнинг соҳил чегараси 110 километрга узаяди.
35 минг оилани қамраб олиши кутилаётган лойиҳада ҳашаматли уйлар ва хонадонлар бўлиши мумкин. Давлат объектларининг тахминан учдан бир қисми қайта тикланадиган энергия манбалари билан таъминланади.
Дубай марказидан тахминан 50 километр узоқликда жойлашган лойиҳа 17 та пальма шохларидан иборат бўлиб, чўмилиш соҳиллари, истироҳат боғи, виллалар ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум шеъри битилган минглаб баланд уйларни жойлаштириш учун мўлжалланган эди.