Дубайда рекорд даражадаги 300 килограмм оғирликдаги олтин қуйма ишлаб чиқарилди, дея хабар берди “Dubai Media Office”.
“Emirates Minting Factory” томонидан ишлаб чиқарилган қуйманинг тақдимоти “Dubai Metals Conference 2024” конференциясининг ёпилиш маросимида бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, мазкур маросимда у “Гиннеснинг рекордлар китоби"га тарихдаги энг катта олтин қуйма сифатида киритилди.
“Emirates Minting Factory оғирлиги 300 килограммдан ортиқ бўлган энг катта олтин қуйма ишлаб чиқариб, Дубай учун янги жаҳон рекордини ўрнатди. Ушбу ютуқ муносабати билан Дубайдаги қимматбаҳо металлар бўйича конференциянинг ёпилиш маросимида Гиннеснинг рекордлар китоби сертификати топширилди,” — дейилади Дубай ҳукумати матбуот хизматининг “X” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган хабарда.
Emirates Minting Factory Дубайдаги (БАА) Ал-Қуз саноат зонасида жойлашган аффинаж заводига эгалик қилади.
Корхона қимматбаҳо металларни тозалаш билан шуғулланади ва ҳар куни 1000 килограммдан 1200 килограммгача олтин ва кумушни қайта ишлаш ва эритиш қувватига эга.