Канада молия вазири Доминик Леблан 13 март куни Америка товарларининг 29,8 миллиард Канада доллари (20,7 миллиард АҚШ доллари) миқдоридаги импортига қўшимча 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди.
Мазкур қарор Қўшма Штатлар томонидан барча пўлат ва алюминий импортига 25 фоизлик божлар киритилишига жавобан қабул қилинди.
"Бугун мен Канада ҳукумати долларга доллар тамойилига амал қилган ҳолда, эртага, 2025 йил 13 март куни ярим тундан бошлаб Қўшма Штатлардан қўшимча 29,8 миллиард Канада доллари қийматидаги импортга 25 фоизлик жавоб божларини жорий этишини эълон қиламан. Бу 12,6 миллиард долларлик пўлат маҳсулотлари ва 3 миллиард долларлик алюминий маҳсулотлари, шунингдек, 14,2 миллиард долларлик АҚШдан қўшимча импорт товарларини ўз ичига олади," деди Доминик Леблан матбуот анжуманида.
Доминик Леблан 12 мартдан кучга кирган ушбу товарлар импортига АҚШ томонидан жорий этилган божларни "асоссиз" деб баҳолади. 4 март куни Вашингтон Канаданинг барча товарларига нисбатан 25 фоизлик божларни жорий этган эди, бироқ кейинчалик божларнинг катта қисмини аввалги даражасига қайтарди.