Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 36-сон қарори билан “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ижтимоий хизматлар тизимига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан:
ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг яшаш шароитларини ҳар чоракда қайта баҳолаш талаби бекор қилинди;
“Инсон” марказлари ва оилавий поликлиникалар томонидан кейинги йил учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик жадвалини тузиш амалиёти бекор қилинди;
ижтимоий хизмат ваучерини бекор қилиш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатувчини “Оила ҳамкори” платформасидан рўйхатдан чиқариш асослари аниқ белгилаб берилди.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан хулқ-атвори бузилишлари кузатилмайдиган, деменция, Паркинсон ёки Альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилган ва руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турувчи шахслар учун кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати йўлга қўйилади.