Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Давлат божхона қўмитаси ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради

Давлат божхона қўмитаси ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради

Давлат божхона қўмитаси 2020 йилнинг 6 октябрь куни Human.uz сайтида эълон қилинган "Тадбиркор божхонадан нега норози? Нега божхоначилар суд қарорига беписанд?" сарлавҳали мақолага нисбатан “Ўзагросуғурта” акционерлик жамиятининг 2020 йил 14 октябрь куни мазкур сайтда ёритилган муносабати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатларнинг божхона ҳудудидан олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо режимини белгилаган давлатлар рўйхатида Қирғизистон Республикаси ҳам мавжуд.

Бугунги кунда Эрон Ислом Республикаси 2019 йил октябр ойидан Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг (ЕОИИ) “Эркин савдо ҳудуди тўғрисида”ги Битимининг вақтинчалик аъзоси (3 йилга мўлжалланган) ҳисобланиб, мазкур битим доирасида эрон томонининг 500 дан ортиқ турдаги товарларига нисбатан тариф преференциялари қўлланилиши кўзда тутилган.

Жумладан, Эрондан ЕОИИ ҳудудига олиб кириладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан амалдаги ставкалар туширилган.

Қирғизистон Республикаси бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо режими белгиланган давлатлар қаторига кирса, шу билан бирга Эрон Ислом Республикаси билан Эркин савдо ҳудуди ташкил этган давлат ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси маълумотлар базаси таҳлил қилинганда айнан 2019 йил октябрдан бошлаб “олма” маҳсулотларини Қирғизистон Республикасига Эрон Ислом Республикасидан Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳажми ортган, яъни 14,2 минг тонна олма маҳсулоти транзит қилинган бўлса, Қирғизистондан республикамизга 6,5 минг тонна олма маҳсулоти импорт қилинган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоят божхона бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида божхона расмийлаштирувига тақдим этилган олма товарлари божхона кўриги жараёнида Эрон ёзувидаги ўрам ҳамда қадоқларга жойлаштирилганлиги маълум бўлди.

Ушбу маълумотларга асосан, Қирғизистон Республикаси тадбиркорлари томонидан Эрондан кириб келган олма маҳсулотларини ҳақиқий етиштирилган давлатини яширган ҳолда, божхона божидан имтиёз олишга эришиш мақсадида ҳужжатларни қайта расмийлаштириш орқали (келиб чиқиш сертификатлари расмийлаштирилган ҳолда) Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш ҳолатлари божхона органлари ходимларида шубҳа уйғотган.

Божхона кодексининг 364 ва 366-моддалари асосида қўшимча аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар мавжудлиги сабабли, божхона органи томонидан ўз ваколати доирасида аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан Қирғизистон Республикасига халқаро сўровномалар юборилган.

Лекин, шу кунга қадар Давлат божхона қўмитаси томонидан сўралган маълумотларга Қирғизистон Республикаси томонидан тўлиқ жавоб берилмаган ҳамда сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган.

Шу билан бирга, 7 та корхона томонидан олма маҳсулотларини божхона расмийлаштируви давомида тақдим этилган божхона юк декларацияларида товарларнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб кўрсатилганлиги сабабли, Божхона кодексининг 366-моддаси талабига кўра, ушбу божхона юк декларациялардаги товарларга импорт божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилиб, жами 12,75 млрд. сўмбожхона тўловлари ҳисобланган.

Ушбу корхоналарнинг мурожаатларига асосан Божхона кодексининг 329-моддасига мувофиқ, “Ўзагросуғурта” АЖнинг худудий филиаллари томонидан тақдим этилган суғурта полислари асосида божхона тўловларини 60 кун муддатга кечиктириб тўлашга енгиллик тарзида рухсат берилган ва расмийлаштирилган.

Кечиктириб тўлашга рухсат берилган жами 12,75 млрд. сўм божхона тўловлари юқоридаги корхоналар томонидан ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли, Божхона кодексининг 351-моддасига асосан, “Ўзагросуғурта” АЖ ва унинг ҳудудий филиалларига инкассо топшириқномалари қўйилган.

Шунг мувофиқ “Ўзагросуғурта” АЖнинг банкдаги ҳисоб-рақамидан (инкасса топшириқномалари бўйича - 7,19 млрд. сўм, “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан – 1,72 млрд. сўм)жами 8,91 млрд. сўм пул маблағлари Фарғона вилояти божхона бошқармаси ҳисоб рақамига келиб тушган.

“Wellex Agro” МЧЖнинг Фарғона вилояти маъмурий судига киритган шикоят-аризаси (биринчи инстанция судида жамиятнинг аризаси қаноатлантирилмаган) бўйича Фарғона вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорда Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 15 июлдаги ҳал қилув қарори ва дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш ҳақидаги ажрими бекор қилинган ҳамда вилоят божхона бошқармасининг олма маҳсулотларига икки баравар оширилган ставкасини ҳисоблаш ва ундиришда ифодаланган ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, ортиқча ундирилган божхона божларини қайтариш мажбурияти юклатилган.

Фарғона вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори юзасидан Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига назорат шикояти юборилган ҳамда ушбу назорат шикоятида Фарғона вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори ижросини тўхтатиб туриш сўралган.

Шунингдек, 2020 йилнинг 3 май санасидан 1 июнь санасига қадар “Ўзагросуғурта” АЖнинг банк ҳисобрақамларига қўйилган жами 12 та инкассо топшириқномалари бўйича мажбуриятлар бажарилганлиги сабабли қайтариб олинган.

Бундан ташқари, 2020 йил 8 июль куни “Ўзагросуғурта” АЖнинг Тошкент шаҳар бошқармасига 35,6 млн. сўм инкассо топшириқномалари асосида ортиқча тўланган маблағ жамият мурожаатига асосан қайтариб берилган.

Бугунги кунга келиб, “Wellex Agro” МЧЖнинг жами 3,8 млрд сўм қарздорлиги бўйича низоли ҳолат якунига етмаганлиги сабабли 2020 йил 2 майдаги 320-сонли ва 2020 йил 13 майдаги 361-сонли инкассо топшириқномалари бекор қилинмаган, балки ижроси тўхтатиб турилган.

Шунингдек, бугунги кун ҳолатида “Ўзагросуғурта” АЖнинг банк ҳисобрақамларида Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан қўйилиб, актив ҳолатда турган инкассо топшириқномалари мавжуд эмас ҳамда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг шахсий ҳисобварағига 2020 йил 10 сентябрдан бери “Ўзагросуғурта” АЖдан инкассо топшириқномалари асосида пул маблағлари келиб тушмаган.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

 

Киритилди: 17:50 17.10.2020. Ўқилди: 2033 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!