Давлат архивлари тўғрисидаги маълумотларни жамлайдиган “Ўзбекистон архивлари” портали portal.archive.uz жорий этилди.
АОКАда “Ўзархив” агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжмунида архив ишини ривожлантиришнинг 2023 йилга мўлжалланган режаси 18 та кўрсаткичлар бўйича бажарилиб, шундан 17 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилганлиги хусусида маълумот берилди.
Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари томонидан (2023 йил 28 декабрь ҳолатига) жами 1 016,4 минг сақлов бирлигидаги 68,2 млн. кадр ҳужжатлар рақамлаштирилди. Тасдиқланган режага мувофиқ, 2023 йил бошидан 148,7 минг сақлов бирлигидаги қарийб 14,7 млн. кадр рақамлаштирилди ва режа 106,5 %га бажарилди.
“Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимида жами 48 486 та фонд, 50 709 та рўйхат, 704 796 сақлов бирлиги ва 358 269 ҳужжат базаси яратилди. Тадқиқотчилар ва бошқа фойдаланувчилар ҳозирда ушбу тизимдаги маълумотлар билан doc.archive.uz орқали кириб танишиш имкониятига эга.
Ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганган ҳолда “Ўзархив” агентлиги ва Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекцияси ҳузуридаги "Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази" МЧЖ ҳамкорлигида "Идоравий электрон архив" ахборот тизими ишлаб чиқилди. Электрон ҳужжатларни сақлаш учун топширишга мўлжалланган “Идоравий электрон архив” ахборот тизими 2023 йилнинг 15 декабрида амалиётга жорий этилди. 2024-йилда ушбу ахборот тизимига Давлат архивлари манбаи ҳисобланган 8 мингга яқин давлат идоралари ва ташкилотларида жорий этилиши ва 100 минг нафардан зиёд фойдаланувчилар уланиши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги ПҚ-162-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, ҳозирда бир нечта ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда:
1. Архив иши бўйича давлат назоратини онлайн рўйхатга олишни ташкил этиш мақсадида “Давлат назорати” ахборот тизими nazorat.archive.uz ишлаб чиқилиб тест-синов тариқасида жорий қилинди.
2. Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган давлат архивлари тўғрисидаги маълумотларни жамлайдиган “Ўзбекистон архивлари” портали portal.archive.uz жорий этилди.
3. Кинофотофоно архив ҳужжатларидан пуллик асосда онлайн фойдаланиш имкониятини берувчи видеопортал тизимини ишлаб чиқиш ишлар олиб борилмоқда.
Архивлар томонидан ташкилот ва корхоналар учун соҳага оид ички норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича жами 932 та идоравий ҳужжатлар, яъни шундан 458 та йиғмажилдлар номенклатураси, 125 та иш юритиш йўриқномаси, 174 та Марказий эксперт комиссияси ва Эксперт комиссияси низомлари, 175 та идоравий архив низомлари ишлаб чиқилди.
“Ўзархив” агентлиги, Архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан ташкилотлар ҳамда корхоналарда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича 2023 йил давомида 317 та ташкилотда назорат текширувлари ўтказилиб, архивлар томонидан ташкилот ва корхоналарга қўлланилган чора сифатида 284 та тақдимномалар киритилган, 38 та маъмурий баённома расмийлаштирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 3 та материаллар юборилган.
Республика архивларига мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар жами 569 912 та келиб тушган.
2023 йил мобайнида АҚШ, Польша, Германия, Чехия, Швеция, Франция, Буюк Британия, Япония, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон каби хорижий мамлакатлардан жами 64 та хорижий фойдаланувчилар давлат архивлари ўқув залларига ташриф буюрган, шулардан 43 тасига архив материалларидан ўрнатилган тартибда фойдаланишга 1 йилга амал қилувчи рухсатнома берилган бўлиб, 36711 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар тадқиқотчиларга фойдаланиш учун тақдим этилган.
2023 йил 19-22 сентябрь кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг архив хизматлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг 19-йиғилиши ҳамда унинг доирасида “Електрон ҳужжатларни сақлаш: технологиялар ва усуллар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. 2023 йил 21 сентябрда Самарқанд шаҳрида “Ўзархив” агентлиги ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Архив бош бошқармаси ўртасида архив иши ва иш юритиш соҳасида Англашув меморандуми имзоланди.
2023 йил 6 декабрда Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида “Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Архивлар, ҳужжатлаштириш ва китоб иши қўмитаси ҳамда “Ўзархив” агентлиги ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича 2023-2026 йиллар учун амалий ҳаракатлар режаси” имзоланди. Ҳозирда ушбу режа асосида қўшма нашр устида иш олиб борилмоқда ва бу йил Қозоғистонда Ўзбекистондаги архив ҳужжатлари кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилмоқда.Ҳалқаро ҳамкорлик бўйича яна бир лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Яъни Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ҳамкорлигига оид архив ҳужжатларидан иборат тўплам тайёрланмоқда ва 2024 йилда нашрдан чиқариш ҳамда унинг тақдимотини ўтказилиш режалаштирилмоқда.