Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Даҳшат! Тошкентда ота ухлаб ётган ўғлини темир болға билан ўлдирди

Даҳшат! Тошкентда ота ухлаб ётган ўғлини темир болға билан ўлдирди

Илгари ҳам таъкидлаганимиздек, қариндош-уруғлар ўртасида содир бўлаётган жиноятларга аксарият ҳолларда оилавий низолар сабаб бўлади. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамонлари ҳам нобоп оила сифатида рўйхатга олинган оила вакилларидир. Ота-боланинг навбатдаги жанжали фожиали якун топди. Ота ўз пушти камаридан бўлган ўғлининг умрига ўзи нуқта қўйди...

Бошига кўрпани тортиб, ухлаб қолади

Назир Худойбердиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) маст ҳолатда ўғли Шавкат Худойбердиев билан жанжаллашиб қолади. У ўғлини қасддан ўлдириш мақсадида унинг ухлаб қолишини кутади. Шавкат Худойбердиев телевизор томоша қилиб ётади, бироздан кейин бошига кўрпани тортиб ухлаб қолади. Назир Худойбердиев эса илгаридан тайёрлаб қўйган темир болғани қўлига олиб, ўғлининг бош қисмига бир неча маротаба уриб, ўз фарзандини қасддан ўлдиради.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Шавкат Худойберидевнинг ўлимига – бош мия юмшоқ пардаси остига қон қуйилиши, бошнинг чап чакка-энса ва асос суякларининг кўплаб, майдаланиб синиши сабаб бўлган.

“Ўша аёл билан яшамоқчи бўлсанг, алоҳида уй топ...”

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Бир хонали уйда турмуш ўртоғим, ўғлим ва икки нафар вояга етмаган қизим билан истиқомат қиламан. Воқеа содир бўлган куни турмуш ўртоғим қизларимни олиб, Андижон вилоятида яшовчи отасининг уйига кетганди. Ўша куни акамнинг уйига уй юмушларига қарашиш учун боргандим. У ердан кечки пайт уйга қайтсам, ўғлим Шавкат маст ҳолатда ўтирган экан. У менга бир фарзандли аёл билан яшамоқчилигини, уни шу уйга олиб келмоқчилигини айтди. Мен унга “Уй тор, ўзимиз тиқилиб яшаяпмиз, ўша аёл билан яшамоқчи бўлсанг, алоҳида уй топ”, дедим. Шунда Шавкат сенсираб, “Ҳа, акангни уйига бориб келиб, яна бошладингми? Ўша аканг сенга гап ўргатади”, деб акамни, онамни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилди. Ўғлимнинг мени хақорат қилгани алам қилиб, кўчага чиқиб, спиртли ичимлик истеъмол қилдим. Уйга қайтганимда Шавкат телевизор кўриб ўтирарди. Мен ҳам ўғлимнинг ёнига ўтириб, телевизор томоша қила бошладим. Шу пайт унинг телефони жиринглади. Шавкатга ўша аёл қўнғироқ қилиб, ниманидир муҳокама қилиш жараёнида улар тортишиб қолишди. Шунда мен ўғлимга “Кеч бўлди, бақириб гаплашма”, деб танбеҳ бердим. Шавкат эса жим бўлишнинг ўрнига, мени яна хақорат қила бошлади. Шундан сўнг менда уни бирор нарса билан қўрқитиб, тинчлантириш фикри туғилди. Соат тахминан 22:30 ларда ювиниши хонасида турган болғани ўғлим ётган хонанинг бурчагига олиб чиқиб қўйдим. Сўнг ташқарига чиқиб, сигарета чекдим. Ичкарига қайтганимда телевизорнинг овози баланд қилиб қўйилган, ўғлим эса кўрпачани бўйи баробар, бошига тортиб, ухлаб ётарди. Секингина бориб, телевизорни ўчирдим, ўғлим бунга эътибор бермади. Шундан сўнг ҳожатхонага кириб, юз-қўлимни ювдим. Ўғлим ётган хонага қайтиб кириб, бурчакда турган болғани қўлимга олиб, бош томонига ўтдим. Унинг хақоратлари, барча қилиқлари кўз ўнгимдан ўтди, шундан кейин жаҳл билан бош қисмига икки-уч маротаба урдим. Шундан кейин болғани ювиниш хонасига ташлаб, уйни ташқаридан қулфлаганча кўчага чиқиб кетдим. 10-15 дақиқа айланиб, ўзимга келганимдан кейин акамнинг уйига бориб, Шавкатни ўлдириб қўйганимни айтдим. Акам гапимга ишонмай, мен билан биргаликда уйимга борди. Мени уйга киргим келмай, калитни акамга бердим, ўзим кўчада қолдим. У ичкаридан чиқиб, Шавкат ўлиб қолганини айтди. Шундан кейин у “102” ва”103”га қўнғироқ қилди. ИИБ ходимлари келиб, мени ўзлари билан олиб кетишди. Ўғлим охирги пайтларда меъёридан ортиқ даражада спиртли ичимликка ружу қўйганди. У илгари ҳам икки маротаба озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаганди. Аслида ўғлимни ўлдириш ниятим йўқ эди, бу ишни мастлигимда қилдим. Ҳозирда қилган ишимдан пушаймонман, бундан кейин бошқа жиноят содир этмасликка ваъда бераман. Шуларни инобатга олиб, менга енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман.

Жиноятчига жазо тайинланди

Назир Худойбердиев Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Баҳриддин ИКРАМОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси,

Лола ШОИМОВА, журналист.

Киритилди: 12:39 18.10.2021. Ўқилди: 10731 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!