Чернобил атом электр станциясида портлаш содир бўлди. Энергетика агентлигининг маълум қилишича, собиқ Чернобил атом электр станциясида тунги портлаш оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган. Шунингдек, ҳудуддаги радиация даражаси меъёрда қолаётгани таъкидланган.
Жума куни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЕ) маълум қилишича, Украина шимолида жойлашган собиқ Чернобил атом электр станцияси ҳудудида кечаси юз берган портлаш натижасида ёнғин келиб чиққан.
Агентлик хабарига кўра, портлаш 4-реактор қолдиқларини ҳимоя қилувчи "Янги хавфсиз қобиқ" номли гумбазсимон иншоотда содир бўлган.
Қурбонлар йўқлиги айтилган.
"Иншоот ичида ва ташқарисида радиация даражаси меъёрида ва барқарор ҳолатда сақланмоқда. МАГАТЕ вазиятни кузатишни давом эттирмоқда," - дея таъкидланган агентликнинг Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида.
Чернобилга ким зарба берди?
Зеленский Россия дронини айблаяпти.
Украина президенти Володимир Зеленский портлашга Россия дронлари ҳужуми сабаб бўлганини маълум қилди.
У ёнғин ўчирилганини, бироқ объектнинг ҳимоя гумбазига жиддий зарар етганини айтди.
МАГАТЕ раҳбари РафаЭл Гроссининг таъкидлашича, тунда содир бўлган воқеа, шунингдек, Россиянинг Украинадаги уруши фонида Запорижжя атом электр станцияси атрофида ҳарбий фаолликнинг кучайиши "ядровий хавфсизликка доимий таҳдидлар"ни келтириб чиқармоқда.
"Хотиржамликка ўрин йўқ ва МАГАТЕ юқори даражадаги шайликда қолмоқда," - деди у.
Чернобил - 1986 йил 26 апрелда 4-рақамли реакторнинг портлаши билан бошланган дунёдаги энг даҳшатли ядровий фалокат содир бўлган жой. Вайрон қилинган реактор атрофидаги янги хавфсиз қобиқ 2018 йилда қуриб битказилган.