Бугун 26 август, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Буюк Британия ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларда тунги чеклов жорий этади

Буюк Британия ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларда тунги чеклов жорий этади

Буюк Британия ҳукумати ижтимоий тармоқ платформаларидан 16–17 ёшли ўсмирларнинг тунги вақтда платформалардан фойдаланишини автоматик тарзда чеклашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг Фан, инновациялар ва технологиялар вазирлиги маълум қилди.

Режага кўра, ижтимоий тармоқлар 00:00 дан 06:00 гача ўсмирлар учун автоматик «комендантлик соати»ни жорий қилиши керак бўлади. Шунингдек, фойдаланувчиларни платформаларда узоқроқ ушлаб туришга хизмат қилувчи функциялар, жумладан, видеоларнинг автоматик тарзда кетма-кет қўйилиши ва шахсийлаштирилган контентнинг узлуксиз тавсия қилиниши стандарт ҳолатда ўчириб қўйилади. Исталса, ўсмирлар ушбу созламаларни мустақил равишда ўзгартиришлари мумкин бўлади.

Вазирлик раҳбари Лиз Кендаллнинг таъкидлашича, ушбу чоралар ёшларнинг соғлом уйқуси, таълимга эътибор қаратиши ҳамда оила ва дўстлари билан кўпроқ вақт ўтказишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, Буюк Британия ҳукумати сунъий интеллект асосида ишлайдиган чат-ботлар ишлаб чиқувчиларидан 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар учун кунлик фойдаланиш чекловларини жорий этишни ҳам талаб қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, болалар учун хавфли деб топилган, хусусан, тасдиқланмаган ёки чалғитувчи руҳий саломатлик бўйича маслаҳатлар берувчи чат-ботларга нисбатан тақиқ чоралари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Мазкур ташаббуслар йил охирида Британия парламентига киритилиши, қабул қилинган тақдирда эса 2027 йил баҳорида кучга кириши кутилмоқда.

Киритилди: 18:15 15.07.2026. Ўқилди: 1125 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!