Бугун 4 июнь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Буюк Британия компанияси геология соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда

A A A
Буюк Британия компанияси геология соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон дипломатлари Буюк Британиянинг "Wardell Armstrong" компанияси директори Че Осмонд билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида рангли ва ноёб металларни қазиб олишда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда "Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Британия томони мамлакатимиз тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар билан таништирилди.

Че Осмонд Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У, шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳасида минералларни ўрганиш, қазиш ишларини лойиҳалаштириш, объектлардаги қурилиш ишларини мувофиқлаштириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида "Wardell Armstrong" компанияси директорининг III Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирокини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

"Wardell Armstrong" 186 йиллик тарихга эга компания бўлиб, тоғ-кон соҳасида консалтинг, муҳандислик, лойиҳаларни моделлаштириш каби хизматларни кўрсатади. Ташкилот Африка, Шимолий ва Жанубий Америка, Марказий Осиёдаги 90 дан ортиқ давлатларда рангли ва ноёб металларни қазиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Киритилди: 09:45 19.03.2024. Ўқилди: 939 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!