Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Бухородаги уч асрлик масжид очиладими ёки... сотиладими?

Бухородаги уч асрлик масжид очиладими ёки... сотиладими?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган бир маълумот кўпчилик юртдошларимизнинг дилини хира қилди. Бу Бухоро вилоятида халқ томонидан қурилган масжиднинг сотувга қўйилгани ҳақидаги хабар эди. Фейсбук тармоғидан олинган қуйидаги постни ўқиб чиқиб, кейин фикр ва мулоҳазаларимизни давом эттирамиз:
“Бухоро туманидаги Хонобод кишлоғида “Файзихон” номли масжид бор. 1717 йилда қурилган. Яқинда унинг атрофида яшайдиган аҳоли томонидан 100 млн сўмдан ортиқ маблағ йиғилиб таъмирлаш ишлари олиб борилган. Яъни одамлар ўз ҳисобидан таъмирлашган.

Ҳозирги гапларга қараганда бу ерда энди новвойхона очилармиш. Масжидда қандай қилиб нон ёпилиши мумкин деган саволдан олдин, нима асосида бундай бўлгани қизиқ. Маҳалла посбони ва маҳалла қўмитаси айтишича Адлия вазирлиги қарори эмиш. Лекин мен Адлия Вазирлигидан сўрасам, бизда бундай ваколат йўқ дейишди. Аслида ҳам шундай, масжидлар бўйича Адлия Вазирлиги масъул эмас.

Умуман олганда бу биринчи маротаба эмас. Туманларда масжидларни бузиб жойида бошқа нарса қуриш ҳолатлари учраб турган экан. Масалан Вобкентда.

Энди масжидларни ҳам сотяпмиз деган қарорга келсак бўладими шунда?”

*******
Энди мазкур масалага бақадри имкон ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз...

Маълумки, юртимиздаги қадимий бинолар, ҳозирги вақтда фойланилаётгани ёки йўқлигидан қатъий назар, моддий маданий мерос сифатида рўйхатга олиниб, уларга алоҳида эътибор қаратилади. Аммо...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 18.10.2019 йилдаги 881-сонли қарорига кўра тасдиқланган рўйхатга XVII аср бошида қурилган ушбу масжид биноси киритилмаганини қандай тушуниш мумкин? 

Мазкур масала юзасидан Бухоро тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди:
“2020 йил 19 май куни интернетнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида “Масжидларни сотамизми” ёки “Бухоро тумани Хонобод маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган, 1717 йилда қурилган Файзихон масжидида новвойхона очилармиш” сарлавҳали мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Ҳақиқатдан ҳам Бухоро тумани “Хонабод” маҳалла фуқаролар йиғинида 1717 йилда қурилган Файзихон номи остидаги маданий мерос объекти-норасмий масжид мавжуд. Ушбу объект муқаддам шу ҳудуд аҳолиси томонидан масжид сифатида фойдаланилган ва  давлат рўйхатидан ўтмаганлиги сабабли қонуний тартибда ёпиб қўйилган. Ўтган 2019 йилда  Вилоят ҳокимининг 2019 йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПҚ-4095-сонли “Ўзбекистон Республикасида туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш тўғрисида”ги 10-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ишчи гуруҳи томонидан тумандаги қолган шунга ўхшаш давлат рўйхатидан ўтмаган ва қаровсиз ҳолга келиб қолган масжидлар қатори туман ҳокимлиги балансига ўтказилган.

ПҚ-4095-сонли қарорга мувофиқ ҳудудлардаги туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилга, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади. Бунда ижарачилар беш йиллик ижара ҳаққига тенг миқдорни ўзлари жойлашган моддий-маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш қоидаларига риоя қилиш шарти билан дастлабки беш йил учун ижара ҳаққи тўлашдан озод этилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур мурожаат туман ҳокимлиги ва туман адлия бўлими мутасаддилари томонидан жойида бориб мурожаатчи ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси иштирокида ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида мазкур обектда ҳеч қандай новвойхона фаолият юритмаётганлиги, 100 млн сўм маблағ сарфланди деган важ ҳам асоссиз эканлиги, шу ҳудуд аҳолиси эса ушбу масжидни жомеъ масжид сифатида фаолиятини тиклаш ниятлари борлиги аниқланди. Ва фуқароларга мутасаддилар томонидан жоме масжид фаолиятини тиклаш бўйича керакли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди” дейилади  Бухоро туман ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабатида.

Вилоят статистика бошқармаси сайтида берилган расмий маълумотга кўра, Бухоро тумани аҳолисининг сони (2019 йил ҳолатига) 165 минг 200 нафар. Уларнинг аксарияти табиийки ислом динига эътиқод қилади. Туманда эса бор йўғи тўртта: Имом Бухорий, Чор Бакр, Хитоён ва Имоми Аъзам масжидлари бор холос. Бу ҳар 41 минг нафар киши учун битта масжид дегани. Бу жудаям кам, тўғрими?

Умид қиламизки, тегишли ташкилотлар, жумладан, масжидларнинг очилишига бевосита бош-қош бўладиган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари Бухоро тумани “Хонабод” маҳалласи аҳолиси мурожаатига ижобий жавоб бериб, уч аср муқаддам бунёд этилган ибодатхонани фаолият юргизишига ўз ҳиссаларини қўшадилар. 

Юртимизда масжидлар қанчалик кўп бўлса, ибодатлар, дуойи хайрлар кўпаяди. Ана шунда турли бўрон, сел, зилзила каби табиий офатлардан, осмоний балолардан эмин бўлсак, не ажаб. Зеро, доно халқимизнинг ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл, деган мақоли бежиз айтилмаган. 

Мақолани машҳур байт билан якунласам, қарши бўлмассиз?

Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Бухоро қуввати Исломи дин аст...

Абу Сожид ал-Ахситакий

Манба: azon.uz

Киритилди: 23:28 21.05.2020. Ўқилди: 3455 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!