Жорий йилнинг 6–8 июнь кунлари Бухоро шаҳрида XXI анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали ўтказилди.
Туризм қўмитаси, Бухоро вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят туризм бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этиладиган бу йилги фестиваль ўтган йилларга нисбатан янада юқори савия ва ўзгача руҳда ўтди.
Фестивалда 10 га яқин хорижий давлатлардан 50 нафардан ортиқ ҳамда республика ҳудудларидан 350 нафардан ортиқ маҳаллий ҳунармандлар иштирок этди.
“Iпак ва зираворлар” фестивали анъанавий миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ҳунармандчилик ва туризмни янада равнақ топтириш ҳамда Бухоро вилоятини жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш йўлида хизмат қилади.
Фестиваль Бухорода йигирма йилдан ортиқ вақтдан буён ўтказиб келинмоқда. Бу давр мобайнида ушбу фестиваль хорижий ва маҳаллий меҳмонлар орасида етарлича шуҳрат қозониб улгурди. Хусусан, XXI “Ипак ва зираворлар” фестивалига ташриф буюрган 50 мингдан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳлар фестивални Бухоронинг бой маданий мероси ва самимий меҳмондўстлигини яққол ҳис қилиш учун ноёб имконият деб баҳолашди.
Байрам тадбирлари арафасида Бухорога ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман давомида фестиваль ташкилотчилари томонидан байрам дастури бўйича маълумот ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Фестивальнинг биринчи куни иштирокчилар ва меҳмонларнинг “Арк” қўрғонидан “Лаби ҳовуз” мажмуасигача бўлган масофада тантанали юришидан бошланиб, сўнг “Лаби ҳовуз” мажмуасида фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
XXI “Ипак ва зираворлар” фестивали дастуридан миллий ансамбллар чиқишлари, юртимизнинг барча ҳудудлари ипак маҳсулотлари ва зираворлари халқаро кўргазмаси ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Шу билан бирга, Бухородаги тадбир доирасида ҳунарманд усталар ишлари намойиш этилди. Бундан ташқари, турли маҳорат дарслари, миллий ўйинлар ва кўнгилочар тадбирлар, тасвирий ва амалий санъат галереяси кўргазмаси бўлиб ўтди.
Барча вилоятларнинг фольклор жамоаларининг ёш ва иқтидорли санъаткорлар иштирокида ўтган гала-концерт ҳамда маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирокида “Silk&Spices Fashion days” махсус модалар намойиши тадбирнинг янада кўтаринки кайфиятда ўтишига хизмат қилди.
Шунингдек, Бухоронинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган моҳир ошпазлар фестиваль доирасида ташкил этилган “Палов сайли” миллий таомлар танловида турли хил таомлар билан вилоятнинг гастрономик салоҳиятини тарғиб этиш ҳамда ош тайёрлаш услубларини намойиш этишди. Ҳар бир иштирокчи ўз ҳудудига хос бўлган мазали таомларни тайёрлаб, меҳмонлар ва ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди.
XXI анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали якунида барча иштирокчилар ва тадбирни ёритган ОАВ вакиллари ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.