Бухоро шаҳрида 12 май куни автотураргоҳда турган 3 та автомобиль ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят ФВБ хабар қилди.
Ҳолат 11:45 да Бухоро шаҳри Фитрат маҳалласидаги Миракон кўчасида жойлашган автотураргоҳда содир бўлган. Ҳодисани бартараф этиш учун воқеа жойига учта ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинди. Ёнғин соат 11:50 да ўт ўчирувчилар томонидан қуршаб олиниб, соат 12:02 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида Lacetti, Captiva ва Nexia-2 русумли автомобилларнинг айрим қисмлари ёнган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.