Тоғли ҳудудларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 12 январига қадар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканлари – Амирсой, Билдирсой, Чимёнга транспорт ҳаракати бир томонлама ташкил этилади. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Хабарга кўра, Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларда жойлашган дам олиш масканларида 31 декабрдан 2025 йил 12 январга қадар фуқаролар ташрифи одатдагидан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда ушбу дам олиш масканларига олиб борувчи йўлда тирбандликларнинг олдини олиш мақсад қилинган.
Режага кўра, 4Р6 “Тошкент–Чирчиқ–Чимён” автомобил йўлининг 57-километридан бошлаб, мазкур йўлнинг 92-километригача, яъни 4Р10 автомобил йўли билан туташган жойгача транспорт воситаларининг ҳаракати бир томонлама ташкил этилади.
Ҳаракат бир томонлама ташкил этилган йўлнинг бошида 5.5 (бир томонлама ҳаракатли йўл) ва йўлнинг охирида 5.6 (бир томонлама ҳаракатли йўлнинг охири) ахборот кўрсатгич йўл белгилари, шунингдек, ҳаракатланиб кириш тақиқланган қисмида 3.1 (кириш тақиқланган) йўл белгиси ўрнатилади.