“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси, “Бунёдкор” футбол клуби президенти Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида футбол клубида соғлом муҳитни тиклаш ва клуб мураббий, ўйинчилари ва ходимларига қулай шарт-шароитлар яратилиши юзасидан амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан кеча “Бунёдкор” футбол клуби қароргоҳида асосий жамоа аъзолари, мураббийлар штаби, клуб ва академия ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Кун тартибидан “Бунёдкор” жамоасининг янги мавсумга тайёргарлиги, режалари, 3-17 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида режалаштирилган қишки ўқув-йиғин машғулотларининг ташкилий масалалари, мураббийлар штабидаги ўзгаришлар ўрин олди.
Йиғилиш давомида мураббий Ҳикмат Ҳошимов яратилаётган шароитлар лозим даражадалигини таъкидлаб, янги мавсумга тайёргарлик режа асосида кетаётганлигини маълум қилди. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, “Бунёдкор” футбол клубига бегона бўлмаган тажрибали мутахассис, Pro лицензиясига эга бўлган Мурод Отажонов жамоа мураббийлар штабида иш бошлади.
Тадбир давомида клубга амалий ёрдам кўрсатиш, олиб борилган ўрганиш якунлари ва собиқ раҳбарият томонидан йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Хусусан, белгиланган режалар амалга оширилмаганлиги, клубнинг йиллик харажатлари сметаси ўз вақтида ишлаб чиқилмаганлиги, ходимларнинг штат жадвали жорий йилнинг январь ойида ҳам тасдиқланмаганлиги аниқланган.
Қолаверса, 2022 йилнинг сўнгги тўрт ойида клуб ҳисоб рақамидаги маблағлар мақсадли йўналтирилмаганлиги, 40 нафардан ортиқ ходимлар ҳеч қандай тушунтиришларсиз ишдан бўшатилганлиги, айрим ходимларга эса 2023 йил учун харажатлар сметасида кўзда тутилмаган ойлик маошлар асоссиз равишда бир неча баробарга оширилганлиги, бу эса клуб фаолиятига жиддий молиявий зарарлар келтириши мумкинлиги маълум қилинди. Комплеанс назорати ўрганиши давом этади.
Шунингдек, йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш, келгусида салбий ҳолатларни олдини олиш ҳамда ижтимоий тармоқлар ва турли оммавий ахборот воситаларида “Бунёдкор” футбол клубига нисбатан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам ўрганилиб, таҳлил қилинди, йўл харитасига киритилди.
Йиғилиш якунида хато ва камчиликларга йўл қўйган бир қатор ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди ҳамда янги тайинловлар амалга оширилди.
“Бунёдкор” футбол клуби Президенти Меҳриддин Абдуллаев раҳбарлигида Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришнинг янги босқичга олиб чиқиш концепциясига асосан клубни ривожлантириш йўналишидаги амалий чора-тадбирлар давом эттирилади.