Бугун 28 июль, 2025 йил, душанба

O'ZB

Бундан 632 йил олдин Амир Темур Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишга қарши юриш бошлаган

A A A
Бундан 632 йил олдин Амир Темур Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишга қарши юриш бошлаган

Бугун қандай кун?

Ватанимиз тарихидаги 19 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1391 йил (бундан 632 йил олдин) – Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишга қарши юриш бошлаган Амир Темур қўшини Тошкентдан Олтин Ўрда сари йўлга тушди. 1390 йил охирларида Амир Темур Тўхтамишга қарши биринчи асосий юришга тайёргарлик кўрган эди. Ўша йил охирида Тошкентга келгач, Темур қирқ кун бетоб ётди. Соғайгач, 1391 йил 19 январда йўлга чиқди.

Соҳибқироннинг қирқ кун давом этган бу хасталиги ҳақида фанцуз тарихчиси Люсьен Кэрэн қуйидагича қайд этган: “Шаҳарда (Тошкентда) Темур қаттиқ оғриб қолди: ёшлигида оёғига етказилган жароҳатнинг оқибати бўлмиш суяк-томир хасталигининг дастлабки хуружи туфайли у қирқ кечаю кундуз ўрнидан тура олмади. Унинг ўрнида бошқа ҳар қандай одам ҳам аввал баҳорга мўлжалланган хатарли сафарда иштирок этишдан воз кечган бўларди”.

1875 йил (бундан 148 йил олдин) – Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида руҳоний оиласида драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий дунёга келди. Отаси Бехбудхўжа Солиххўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, Бухоро амири Шоҳмурод замонида Самарқандга келиб қолган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий XX аср бўсағасидага Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатчилигининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади.

1919 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон Республикасининг йигирма уч ёшли ҳарбий комиссари (вазири) Константин Осипов бошчилигида Тошкентда совет режимига қарши исён кўтарилди. Осиповнинг буйруғи билан 14 нафар совет комиссарлари (вазирлари) отиб ташланди. Исёнчилар томонидан совет ҳокимияти ағдарилди, ҳокимият масаласи Таъсис Мажлисида ҳал қилинади, деб эълон қилинди.

Бироқ тез орада исён тор-мор қилингач, Осипов Фарғона водийсига – совет режимига қарши кураш ҳаракати намояндаларидан бири Мадаминбек ҳузурига борди. У андижонлик Парпи қўрбоши қароргоҳида ҳам бўлиб, Тошкентдан келтирган советларнинг пул босиш машинасида Қўқонқишлоқ (ҳозирги Пахтаобод)да унинг номидан пул чиқариб, халққа тарқатди. Сўнгра Бухоро амирлигига қочиб борди. 1920 йилда у хорижга ўтиб кетди. Унинг Ҳиндистонда яшагани ҳақида айрим маълумотлар мавжуд.

1920 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида декрет қабул қилди. Бироқ инқилобий трибуналлар фаолияти таҳлил этилганда, бунга амал қилинмасдан, маҳкумларни ўлимга ҳукм қилишда давом этилгани маълум бўлади.

1926 йил (бундан 97 йил олдин) – давлат ва жамоат арбоби, адабиётшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Азизхон Қаюмов таваллуд топди (вафоти 2018 йил). У 1996 йилда “Шуҳрат” медали, 2003 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

1937 йил (бундан 86 йил олдин) – Бухоро Республикасининг собиқ раҳбар арбоблари – жами 17 киши қаторида Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, давлат ва жамоат арбоби Отаулла Хўжаев ҳам Бухорода қамоққа олинди.

2000 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Киритилди: 09:45 19.01.2024. Ўқилди: 3773 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!