Бугун 27 апрель, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Бу йил абитуриентларга қайси китобларни ўқиш тавсия этилмоқда?

Бу йил абитуриентларга қайси китобларни ўқиш тавсия этилмоқда?

Кузатиб бораётган бўлсангиз, газетамизда абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига оид янгиликлар мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Бу гал ҳам Давлат тест маркази томонидан 2019-2020 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида тест топшириқларига киритиладиган асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берамиз. Бу ҳақда Давлат тест маркази Ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев шундай деди:

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига оид тест синовлари тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом га мувофиқ, тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига асосланган ҳолда тузилмоқда.

Умумий ўрта ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартларига мувофиқ, абитуриентлар тест синови ўтказиладиган барча умумтаълим фанлари бўйича уларнинг мазмуни ва абитуриентлар тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар кодификатори ва тест топшириқларининг тафсилотлари ишлаб чиқилди. Тафсилотлар асосида тест топшириқлари вариантларининг структураси ҳам тайёрланди.

Тест топшириқлари базасини шакллантиришда умумтаълим фанлари ўқув дастурлари бўлимларининг тўлиқ қамраб олинишига ва абитуриентлар билими, қўникмаси ва мантиқий фикрлаш қобилиятини баҳолай оладиган тест топшириқларини тузишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, тест топшириқлари базасини шакллантиришда ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқларининг бир хиллиги таъминланмоқда. Тест топшириқлари базасини шакллантириш учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 31 январдаги 15-сонли қарори билан 140 нафар мутахассисдан иборат халқ таълими, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими, олий таълим ва Фанлар академияси тизимларидан экспертлар гуруҳи тасдиқланди.

2019-2020 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида тест топшириқларига киритиладиган асосий ўзгариш ва қўшимчалар тўғрисида тўхталадиган бўлсак, жорий йилда тест топшириқлари базасини шакллантиришдаги янгиликлар қуйидагилардан иборат:

график, ёзувсиз харита, расмлар (масалан, географик нуқталар, диаграмма, графиклардаги кўрсаткичлар ёки расмлар тест топшириқларида акс этади);

адабиёт фанидан таълим муассасалари ўқув дастурига киритилган бадиий асарлардан айримларини тўлиқ ўқиш тавсия этилди;

ўлчам бирликларининг янгича ифодаланиши қўлланилади.

Тавсия этилган бадиий адабиётлар рўйхати қуйидагича:

1. Ўткан кунлар , Абдулла Қодирий (9-синф дастуридан)

2. Кеча ва кундуз , Чўлпон (11-синф дастуридан)

3. Абулфайзхон , Фитрат (11-синф дастуридан)

4. Шум бола , Ғафур Ғулом (6-синф дастуридан)

5. Мирзо Улуғбек , Мақсуд Шайхзода (8-синф дастуридан)

6. Юлдузлар мангу ёнади , Тоғай Мурод (6-синф дастуридан)

7. Юлдузли тунлар , Пиримқул Қодиров (6-синф дастуридан)

8. Дунёнинг ишлари , Ўткир Ҳошимов (5-синф дастуридан)

9. Руҳлар исёни , Эркин Воҳидов (11-синф дастуридан)

10. Соҳибқирон , Абдулла Орипов (9-синф дастуридан)

Тест топшириқлари базасини шакллантириш тамойиллари:

давлат таълим стандартларига мувофиқлиги;

тест топшириқларини тузиш талабларига мувофиқлиги;

махфийлик;

турли хил таълим тизими мутахассисларининг иштироки;

экспертизанинг кўп маротабалиги;

вариант мураккаблигининг бир хиллиги.

Таъкидлаш жоизки, абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2018 йил декабрь ойида тест топшириқлари киритилган Ахборотнома журналининг махсус сонлари (4/1 ва 4/2-сон) чоп этилди. Уларда ҳар битта фандан 120 тадан рус ва ўзбек тилларида тест топшириқлари киритилган. Давлат тест марказининг расмий веб сайтида ҳар бир фандан намунавий тест топшириқлари эълон қилинди.

Киритилди: 10:22 19.04.2019. Ўқилди: 47288 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!