"Европа Иттифоқи Киевни қўллаб-қувватлашда давом этади, адолатли тинчликка эришиш ва Россияни содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортиш йўлида ҳаракат қилади", дейилади Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен ва Европа Парламенти раиси Роберта Метсоланинг қўшма баёнотида. Улар Украинани "Европа оиласининг бир қисми" деб аташди.
Ҳужжатда Россия ва унинг раҳбарияти "бу уруш ва Украинадаги аҳолига қарши содир этилган ваҳшийликлар учун тўлиқ жавобгар" экани таъкидланган.
"Биз барча ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарлик талаб қилишда давом этамиз. Украинага қарши тажовуз жинояти бўйича махсус трибунал тузиш бўйича сўнгги ташаббусларни олқишлаймиз", – дейилади ЕИ етакчилари баёнотида.
Кошта, фон дер Ляен ва Метсола шунингдек, Киев Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича муҳим ислоҳотларни амалга оширганини қайд этишди.