Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва Франция етакчиси Эммануэль Макроннинг илтимосига қарамай, Украина президенти Владимир Зеленский билан Хиросимада бўлиб ўтаётган G7 саммити доирасида учрашишдан бош тортди.
Бу ҳақда Британиянинг Financial Times газетаси якшанба куни хабар берди.
Зеленскийнинг ўзи Бразилия президенти билан учрашув бўлмаганидан хафа бўладими, деган саволга "Менимча, Лула да Силва хафа бўлиши керак" - деди Украина президенти.
Шу билан бирга, нашр суҳбатлашган Бразилия расмийлари Лула да Силва Зеленскийнинг учрашув таклифини рад этмаганини, томонлар “шунчаки жадваллар бўйича келишиб олишмаганини” айтди. Уларнинг сўзларига кўра, Бразилия президенти якшанба куни Украина таклиф қилган вақтда Зеленский билан учрашишга тайёр бўлган, бироқ етакчилар ўртасидаги мулоқот амалга ошмаган.
Япониянинг ассоциацияга раислиги доирасида 19-21 май кунлари Хиросима шаҳрида G7 саммити бўлиб ўтди. Бу йил саммитда Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япониядан ташқари таклиф этилган давлатлар – Австралия, Бразилия, Вьетнам, Ҳиндистон, Индонезия, Кук ороллари, Комор ороллари, Жанубий Корея иштирок этди. Бундан ташқари, Зеленский саммитда нутқ сўзлади.