Тошкентда синов тариқасида чиқинди қарзлари учун электр тўловларини чеклаш амалиёти ишга тушди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ қошидаги Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори ўринбосари Диёрбек Нишонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур амалиёт 2025 йилнинг ноябридан пойтахтда йўлга қўйилган бўлса, декабрь ойидан мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жорий этилади.
«Биринчи босқичда бизнинг «2100» қисқа рақами орқали чиқиндидан қарзи бор истеъмолчиларга огоҳлантириш SMS хабарномалари юборилади. Агар 5 кун муддат ичида қарздорлик бартараф қилинмаса, олтинчи кундан бошлаб электр энергияга тўлов қилиш чекланади, яъни истеъмолчининг «свет»дан пули тугаганидан кейин тўловни амалга ошира олмайди», — дейди у.
Диёрбек Нишоновнинг қайд этишича, Тошкент шаҳрида 3 ноябрдан бошлаб бундай SMS хабарлар юборилмоқда. Дастлаб 20 мингга яқин қарздорга огоҳлантириш хабарномаси жўнатилди. «Ноябрь ойидаги натижалар ва таҳлилларни декабрда оммага эълон қиламиз», — дейди ҲЭТ вакили.