"Афсуски, Европа Иттифоқида Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида энди якдиллик йўқ, чунки бир давлат Бразилия-Хитой ташаббусини очиқ қўллаб-қувватлашга қарор қилди", деб ёзди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ўз саҳифасида.
Боррелнинг таъкидлашича, у Украинани "омон қолиш учун курашда" тўлиқ қўллаб-қувватлашини, шунингдек, мамлакат президенти Владимир Зеленскийнинг таклифларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Боррел Венгриянинг "Тинчлик дўстлари" (Friends of Peace) платформасига қўшилиш ниятини назарда тутмоқда, унинг яратилиши ҳақида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Жянг эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, Хитой, Бразилия ва "глобал жануб"нинг бошқа давлатлари Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш учун биргаликда ишлашни истайди ва бу платформа "холис ва оқилона овозга" айланиши керак. Украина ҳукумати ташаббусни кескин танқид қилиб, Зеленскийнинг "тинчлик формуласи ягона, адолатли ва барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли" эканини айтган.