Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
"Шу ҳафта Литвада фуқароларни эвакуация қилиш бўйича машғулотлар ўтказилди, унда қарийб 100 киши иштирок этди. Аммо мамлакат ҳукумати бундан анча катта миқдордаги аҳолига мўлжалланган режаларга ҳам эга", дея ёзмоқда нашр.
Литва ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари Ренатас Пожеланинг маълум қилишича, русларнинг тажовузи содир бўлса, Россия ва Беларус билан чегарадан 25 км масофада яшовчи тахминан 400 минг киши эвакуация қилинади. Режага кўра, тахминан 300 минг киши Каунас шаҳрига жойлаштирилади.
Пожеланинг сўзларига кўра, йиғилиш пунктлари аллақачон танланган ва зарур маҳсулотлар захираси яратилган.
Эстония ҳукумати фавқулодда вазиятда аҳолининг 10 фоизини, жумладан, Россия билан чегарадаги Нарва шаҳрида яшовчиларни кўчириш режасини тайёрламоқда. Латвияда эса Россия тажовузи юз берса, мамлакат аҳолисининг учдан бири уйларини тарк этиши тахмин қилинмоқда.
"Шу билан бирга, Болтиқбўйи мамлакатларининг ҳеч бирида аҳолини ўз чегараларидан ташқарига эвакуация қилиш бўйича батафсил режа мавжуд эмас", дея қайд этади Reuters.