Бугун 29 апрель, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Болаларни сариқ касал (гепатит “А”)дан қандай асраш мумкин?

Болаларни сариқ касал (гепатит “А”)дан қандай асраш мумкин?

Сариқ касаллиги деб ном олган вирусли гепатит касаллиги юқумли бўлиб, уларнинг бир неча турлари мавжуд. Вирусли гепатитнинг А ва Э турлари одамга оғиз орқали юқади ва кўпроқ болаларда учрайди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси маълум қилди. Унга кўра, касалликка кўп ҳолларда:

• қўлларни совунлаб ювмасдан овқатланиш;
• мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш;
• сувни қайнатмай ичиш;
• рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзалари, айниқса туриб қолган сувларда чўмилиш;
• истеъмолга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларга пашшаларнинг ўтириши сабаб бўлади.

📌Касалликнинг юқиш хавфи

Гепатитнинг юқиш хавфи касалликнинг яширин, бошланғич даврлари ва сариқлик белгиларисиз кечадиган турларида юқори бўлади. Бунда бемор ўзи билмаган ҳолда оила аъзолари ва яқинларига касалликни юқтириши мумкин. Бемор фойдаланган идишлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак, ўйинчоқ, сўрғич, ҳожатхона анжомлари ва бемордан қолган овқат қолдиқлари вирус билан зарарланган бўлиши мумкин. Шунинг учун идишларни махсус ювиш воситалари ёрдамида ювишга одатланинг. Пол, эшик тутқичлари ва ишлатилишига қараб бошқа буюмларни, мунтазам зарарсизлантирувчи воситалар билан артиб туринг.

📌Касаллик белгилари қуйидагилар билан намоён бўлади:

• дармон қуриши, уйқучанлик;
• иштаҳанинг йўқолиши, кўнгилнинг айниб туриши (айниқса ёғ ҳидларига нисбатан),
• баъзида овқатлангандан кейин қусиш;
• ҳароратнинг кўтарилиши;
• баъзан буруннинг битиши, оқиши, бош оғриши (гриппга ўхшаш);
• кўз оқи ва пастки қовоқ шиллиқ пардаси, тирноқ ва терининг сарғайиши;
• пешобнинг қизариши (меъёрда пешоб сарғиш бўлади);
• нажаснинг оқариши (рангсизланиши)
Юқоридаги белгиларнинг биронтаси кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этинг.

📌Вирусли гепатит асоратлари билан хавфлидир.

Касалликнинг белгиларига бефарқлик билан қараш, унинг узоқ давом этишига сабаб бўлиши мумкин.
Вақтида зарур чораларнинг кўрилмаслиги эса жигар етишмовчилиги, жигар циррози каби оғир асоратларни юзага келтириши билан хавфлидир.

📌 Саломатликнинг олтин қоидасига риоя этиш касалликни олдини олиш демакдир.

• Мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланинг.
• Кунига камида 7-8 соат ухланг.
• Ўз вақтида овқатланинг.
• Шахсий гигиена қоидаларига амал қилинг.
Бу танангизни чиниқтириб, бақувватлаштиради, касалликка қарши курашувчанлигини оширади.

📌Эсда тутинг!

• Овқатланишдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўлларни совунлаб ювинг.
• Мева ва сабзавотларни тоза сувда ювиб, истеъмол қилинг.
• Сувни қайнатиб ичишга одатланинг.
• Болаларда қўл, ўйинчоқ ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш, тирноқларни тишлаш каби одатларни шаклланишига йўл қўйманг.
• Пашшаларни кўпайишига йўл қўйманг.
• Болаларни туриб қолган очиқ сув ҳавзаларида чўмилишига йўл қўйманг.
• Озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол қилинадиган сувни очиқ қолдирманг.
• Гепатит "А" касаллигига қарши эмлаш энг самарали усулдир.

📌Ҳар бир ота ва она фарзанд саломатлиги учун масъул эканлигини унутмаслиги лозим!

Инфекцияни асосий юқиш омилларидан бири маиший-мулоқот ҳисобланади.
Касаллик қайд этилган ўчоқларда мутахассислар томонидан зарарсизлантириш тадбирлари ўтказиб келинади.

‼️ Касалликка чалинишни олдини олиш мақсадида болаларни вирусли гепатит "А" касаллигига қарши эмлаш муҳимдир.

Киритилди: 11:53 04.01.2024. Ўқилди: 10443 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!