Бугун 23 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Болаларда камқонлик қандай ривожланади?

Болаларда камқонлик қандай ривожланади?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда мактабгача ёшдаги 47,5 фоиз ва мактаб ёшидаги 25,5 фоиз болаларда камқонлик учрайди. Юртимизда ҳам бу касаллик кичик ёшдаги ўғил-қизлар орасида кенг тарқалган.

Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада? Камқонлик болалар саломатлиги учун қанчалик хавфли?

ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова жавоб берди.

— Болаларда учрайдиган камқонлик ҳақида маълумот берсангиз.

— Бугунги кунда экологиянинг ёмонлашуви, кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотларда керакли витамин ва озуқаларнинг етишмаслиги кўплаб касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Улардан бири камқонликдир.

Биламизки, қон таркибида темир моддасини ўз ичига олган ва қонга қизил тус берувчи мураккаб оқсил – гемоглобин моддаси бутун тана бўйлаб кислород ташиш вазифасини бажаради. Агар гемоглобин етишмовчилиги кузатилса, организм кислород “очлиги”ни бошдан кечиради. Бироқ болалар бу ўзгаришларни доим ҳам сезавермаслиги мумкин.

Камқонлик билан оғриган ўғил-қизлар турли инфекцион хасталикларга чалинишга мойил бўлади. Хусусан, қон таркибида организмнинг ўсиши учун муҳим бўлган озиқ моддалар етишмаслиги турли касалликларнинг ривожланишига йўл очади. Қолаверса, бундай болаларда камҳаракатлик, вазн етишмаслиги кузатилади.

Шу сабабли ота-оналар фарзандларидаги ўзгаришларга, уларнинг соғлигига доимо эътиборли бўлишлари лозим.

— Болаларда нормал гемоглабин даражаси қандай?

— Болалардаги меъёрий гемоглобин миқдори катталарникидан фарқ қилади.
Ўртача гемоглобин даражасини эса қуйидаги рақамларда кўришингиз мумкин:

Г/Лдаги нормал гемоглобин даражаси (литр учун грамм) ёшга боғлиқ:

• янги туғилган чақалоқларда – 180 дан 240 гача;

• 1 ойдан 5 ёшгача – 110 дан 115 гача;

• 5 ёшдан 12 ёшгача – 110 дан 120 гача;

• 12 ёшдан 15 ёшгача – 120 дан 140 гача.

— Камқонликнинг юзага келишига қайси омиллар сабаб бўлади?

— Болаларда ушбу касаллик турли сабабларга кўра ривожланади. Масалан, янги туғилган чақалоқларда анемия ҳомиладорлик давридаги муаммолар – қон кетиш, ҳомиланинг тушиш хавфи, онадаги юқумли касалликлар туфайли юзага келиши мумкин. Шунингдек, эрта туғилган болаларда ҳам бу хасталик кўп кузатилади.

Қолаверса, ҳар қандай ёшдаги нотўғри ва мувозанатсиз таомланиш анемиянинг кенг тарқалган сабабларидан бири ҳисобланади. Яъни, тўғри овқатланмаслик билан организм етарли миқдорда темир ва унинг сўрилиши учун зарур бўлган C вa B12 витаминларни ўзлаштира олмайди. Натижада камқонлик юзага келади.

Бундан ташқари, тўйиб овқатланмаслик, витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, мунтазам қон кетишлар ҳам анемиянинг ривожланишига сабаб бўлади.

Киритилди: 11:53 05.02.2022. Ўқилди: 5181 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!