Бугун 23 июнь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Божхона расмийлаштируви вақти қарийб икки баробарга қисқарди

A A A
Божхона расмийлаштируви вақти қарийб икки баробарга қисқарди

Мамлакатимизда охирги етти йил туб ислоҳотлар даври бўлди. Барча соҳаларда катта ўзгаришлар, янгиланишлар рўй берди. Айниқса, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасини ривожлантириш мақсадида соҳани рақамлаштириш, божхона тартиботларини янада соддалаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

Президентимизнинг божхона соҳасига эътибори билан божхона маъмурчилигини ислоҳ қилиш бўйича белгилаб берилган асосий устувор вазифалари доирасида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Божхона соҳасини рақамлаштиришга қаратилган ишлар натижасида ҳозирда Ўзбекистон божхона тизимида ягона ахборот тизимига бирлаштирилган 67 та ахборот тизими ва 33 та интерактив хизматлар фаолият кўрсатмоқда. 10 дан ортиқ мамлакат божхонаси, 30 та вазирлик ва идоралар, 25 та авиакомпания билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.

Назорат ва расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш мақсадида, янги “E-транзит”, “Юк операциялари”, “Электрон божхона кузатуви”, “Божхона кўриги” ахборот тизимлари амалиётга жорий этилди. Ушбу янги тизимлар орқали 1,6 миллиондан ортиқ декларациялар расмийлаштирилиб, 700 мингга яқин юк операциялар амалга оширилди.

Илгари чегара постларида тарози, рентген қурилмаси, транспорт рақамини қайд этиш, шлагбаум ва бошқа жараёнларнинг ҳар бирига ходим жалб этилган бўлса, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли ҳозирда мазкур транспорт назоратини сунъий интеллект ёрдамида, яъни инсон омилисиз амалга ошириш йўлга қўйилди. Энг муҳими, чегарадаги барча идораларга ягона ахборот тизимида бир вақтнинг ўзида ишлаш имконияти яратилди.

Идоралараро “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига 10 дан ортиқ ташкилотлар интеграция қилиниб, 60 га яқин турдаги рухсатномаларни электрон тарзда тақдим этилиши йўлга қўйилгани сабабли тизимда 65 мингдан зиёд фойдаланувчилар рўйхатга олинган ҳолда, 3 миллиондан ортиқ рухсатномалар расмийлаштирилди.

Қувонарлиси, товарларни омборларга жойлаштириш, рўйхатга олиш, ҳужжатлардан нусхалар олиб қолишда қоғозбозликдан воз кечилиб, соҳани рақамлаштириш ва божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириши натижасида божхона расмийлаштируви вақтини қарийб 2 баробарга қисқартиришга эришилди.

Ушбу вақт экспорт режимида 2017 йилда ўртача 5 соат 42 дақиқани ташкил этган бўлса, 2023 йилда 30 дақиқани ташкил этмоқда. Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик тарзда расмийлаштириш ҳажми 15 фоизга етказилиб, бу кўрсаткич хавф даражаси паст бўлган товарларнинг экспортида 85 фоизни ташкил қилди.

Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида божхона соҳасида тадбиркорларнинг таклифлари инобатга олиниб, рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилди. Экспортга юкларни расмийлаштиришда “Ягона дарча” тамойили жорий қилинди. Божхона юк декларацияларини масофавий электрон шаклда расмийлаштириш йўлга қўйилди.

Божхона органларининг Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорлигининг янги босқичга чиқиши эса Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясини янада такомиллаштириш, экспертиза жараёнларини қисқариш, синов натижаларини минтақа миқёсида тан олиниш имконини берди.

2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 16 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона тўловларидан 39 трлн сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар қўлланилди. 6,2 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Хавфларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида 780 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган бўлса, халқаро ҳамкорлик йўналишида 8 та халқаро ҳужжат имзоланди. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида 5,3 млн доллар грант маблағлари жалб қилинди.

Мазкур соҳадаги ислоҳотлар натижасида илгари хом-ашё маҳсулотлари импортини амалга ошириб келган кўплаб тадбиркорларимиз эндиликда божхона тўловларидан озод қилинган ҳудуд имкониятлардан самарали фойдаланишни бошлади. Улар томонидан 66 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, хорижий мамлакатларга умумий қиймати 429 млн АҚШ долларини ташкил этувчи товарлар экспорт қилинди.

Умуман олганда, божхона расмийлаштируви жараёнларини оптималлаштириш ва бюрократик юкни камайтириш товарларни экспорт қилиш харажатларини камайтириш имконини беради. Бу ўз навбатида, мамлакат маҳсулотларини жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширади ва экспорт салоҳиятининг ошишига хизмат қилади.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Киритилди: 18:50 10.11.2023. Ўқилди: 1351 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!