БМТ Хавфсизлик кенгаши тузилмаси эскирган ва уни ислоҳ қилиш зарур, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Остона халқаро форумининг ялпи мажлисида, дея хабар беради “Zakon.kz” .
"80 йил аввал яратилган институционал тузилма билан бугунги кун ўртасида катта тафовут мавжуд. Бу ташкилотга бўлган ишонч ва унинг самарадорлигини йўқотади", - деди Тоқаев.
Тоқаевнинг таъкидлашича, фақат бир нечта давлатлар миллиардлаб одамлар тақдирига дахлдор “энг муҳим қарорлар” қабул қилади.
"Хавфсизлик Кенгаши ўз долзарблигини сақлаб қолиш учун замонавий талабларга жавоб бериши керак, гигант давлатлар эса тинчлик ва хавфсизликка содиқлигини намойиш этиши керак. Ҳар бир инсон БМТ Низомига қатъий риоя қилиши керак, чунки шундан кейингина ташкилотга аъзо давлатлар БМТ нуфузига бўлган ишончни қайта тиклай олади", - деди у.
Икки кунлик Astana International Forum (AIF2025) бугун бошланди. Форумнинг мавзуси “Ақлларни боғлаш, келажакни шакллантириш”.