Бугун 23 сентябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

БМТ расман Исроилни геноцидда айблади

A A A
БМТ расман Исроилни геноцидда айблади

Фаластин ва Исроилдаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш бўйича БМТ комиссияси Исроил Ғазода геноцид амалга ошираётганини эълон қилди. 16 сентябр куни эълон қилинган 72 бетдан иборат ҳисоботда экспертлар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва бошқа юқори лавозимли шахсларни ҳарбий жиноятларга даъват этганликда айблади.

Комиссия раҳбари, БМТнинг Халқаро жиноий суди собиқ судьяси Нави Пиллай шундай деди:

«Геноцид Ғазода содир бўлмоқда. Бу даҳшатли жиноятлар учун Исроил раҳбарлари жавобгар. Улар деярли икки йилдан бери Ғазодаги фаластинлик гуруҳни йўқ қилиш нияти билан ҳаракат қилмоқда.»

Пиллай, Руандада 1994 йилги геноцид бўйича халқаро судни бошқарган ҳуқуқшунос сифатида, Ғазодаги воқеаларни Руандадаги геноцид билан солиштирди.

«Агар қурбонларни инсон эмас, ҳайвон деб атай бошласангиз — уларни ҳеч қандай виждон азобисиз ўлдирасиз. Бу — айнан геноциддир», — деди у.

Комиссия томонидан келтирилган фактлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • оммавий қотилликлар,

  • гуманитар ёрдамни тўсиш,

  • аҳолини мажбурий кўчириш,

  • соғлиқни сақлаш муассасаларини, жумладан, репродуктив клиникани йўқ қилиш.

Экспертлар жабрланувчилар, шифокорлар ва гувоҳлар билан суҳбатлашди, шунингдек, очиқ манбалар ва сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилди.

1948 йилги БМТнинг Геноцид тўғрисидаги конвенциясида келтирилган беш шартдан тўрттасини Исроил амалга оширгани айтилмоқда:

  1. одамларни ўлдириш,

  2. жиддий жисмоний ёки руҳий зарар етказиш,

  3. гуруҳни йўқ қилишга қаратилган яшаш шароитларини яратиш,

  4. болалар туғилишига тўсқинлик қилиш.

Ҳисоботда премьер-министр Нетаньяху ва бошқа расмий шахсларнинг баёнотлари геноцид ниятининг бевосита исботи сифатида келтирилган. Жумладан, 2023 йил ноябрда у Исроил аскарларига ёзган мактубда Ғазодаги операцияни «Илоҳий йўқ қилиш уруши» деб атагани эслатиб ўтилган. Шунингдек, президент Ицҳак Герцог ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галант ҳам айбланганлар қаторига киритилган.

Исроил комиссия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Мамлакатнинг Женевадаги доимий вакили БМТ комиссиясини сиёсий ёнламачиликда айблади, аммо ўз позициясига оид аниқ далиллар тақдим этмади.

Айни пайтда Исроил Гаагадаги БМТ Халқаро судида геноцид айбловларини рад этишда давом этмоқда. Улар ўз ҳаракатларини «ўзини ҳимоя қилиш» деб баҳолашмоқда, бироқ бу таърифга ҳатто Исроилнинг яқин иттифоқчилари ҳам ишонмаяпти. Жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп август ойидаёқ Газода оммавий очлик кузатилаётганини тан олган.

Киритилди: 18:01 16.09.2025. Ўқилди: 1178 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!