БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОЧА) вакили Ольга Черевконинг таъкидлашича, Исроилнинг Ғазо шаҳрига йўналтирган кучайган ҳужумлари маҳаллий аҳоли учун “ўлим ҳукми”га айланди.
“Ғазо шаҳри ўлимга ҳукм қилинди. Сиз ё кетишингиз, ёки ўлишингиз керак. Юз минглаб ҳолдан тойган, умидсиз ва қўрқувда қолган тинч аҳоли гавжум ҳудудларга қочишга мажбур қилинмоқда”, — деди Черевко журналистларга.
У Исроилнинг аҳолини мажбуран кўчириш ҳақидаги буйруқларини кескин танқид қилди ҳамда Ғазодаги шафқатсиз зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.
“Бизга кеч бўлмасдан туриб барқарор тинчликка йўл очадиган қарорлар, қон тўкилишини тўхтатадиган ҳаракатлар керак”, — деди у.
Черевко, шунингдек, барча назорат-ўтказиш пунктлари ва йўлаклар очилиши, инсонпарварлик ёрдами тўсиқсиз етказилиши шартлигини қайд этди.
“Ғазо халқи садақа сўрамаяпти. Улар хавфсиз ва тинч ҳаёт ҳуқуқини талаб қилмоқда”, — дея қўшимча қилди у.
БМТ вакили маълум қилишича, инсонпарварлик ёрдами Ғазо бўйлаб 400 дан ортиқ тарқатиш марказлари орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, уйини тарк эта олмайдиган аҳолига ёрдам ошхона ва новвойхоналар орқали етказиб берилади.
“Бизнинг асосий қоидамиз — одамларга зиён етказмаслик. Шу боис, ёрдам олиш учун ҳеч кимнинг ҳаёти хавфга қўйилмаслигига ҳаракат қиламиз”, — деди Черевко.