БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Мисрда икки кунда ўн беш нафар маҳкумнинг қатл этилганини танқид остига олди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар бермоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқарма матбуот котиби Лиз Тросселлнинг фикрича, маҳкумларнинг қатли Мисрда 19 сентябрдан бери давом этаётган норозилик намойишлари қатнашчиларини қўрқитиш учун амалга оширилган бўлиши мумкин. Шунингдек, у айбланувчилар одил судланмаганини таъкидлади.
«Қатл этилганлардан айримлари қийноққа солинган, улар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт доирасида одил судланмаган, бу эса яшаш учун ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилишидир», – дея изоҳлади Тросселл.
Мисрда ўтган ҳафта 2013 йилнинг августида Искандария шаҳридаги намойишларда ушланган «Мусулмон биродарлар» ташкилотининг 15 аъзосига нисбатан ўлим жазоси ижро этилди. Улар хавфсизлик кучлари вакилларини ўлдиришда айбланган эди.