БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо секторидаги зиддият туфайли фаластинлик болалар ҳаётини жаҳаннамга қиёслади. Бу ҳақда у БМТ Бош ассамблеясининг махсус йиғилишида айтиб ўтди.
Бош котиб тинч аҳолининг яна кўп қурбон бўлишига йўл қўймаслик учун томонларни минтақада ўт очишни тўхтатишга чақирди. «Тинчлик жараёнига қайтиш — бу барқарор ва адолатли ечимнинг ягона йўли», дейди у.
Гуттеришнинг таъкидлашича, Исроил Ғазо секторига гуманитар ёрдамни етказиб беришни таъминлаши керак.
Сиёсатчи, шунингдек, Қуддус ва бошқа ҳудудларнинг мақоми масаласини ҳал қилиш учун музокараларга қайтиш кераклигини яна бир қайд этди.
Шунингдек, у Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқини ўз ичига олган «Яқин Шарқ тўртлиги» форматида Фаластин-Исроил инқирозини тартибга солиш бўйича биргаликдаги ишларнинг муҳимлигини таъкидлади.
Фаластин ва Исроил ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши Шарқий Қуддусдаги тўқнашувлардан бошланди.
10 май куни Ғазо секторида жойлашган Фаластиннинг «ХАМАС» ва «Ислом жиҳоди» гуруҳлари Исроилни ўққа тутишни бошлади.
Бунга жавобан Исроил армияси 5000 нафар захирадаги аскарни чақирган ва Ғазо секторидаги нишонларга ҳаво ҳужумларини уюштирмоқда. Тўқнашувлар ҳали ҳам давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Фаластин-Исроил можароси авж ола бошлаганидан бери 10 нафар исроиллик ва Ғазо секторининг 220 нафар аҳолиси ҳалок бўлган.