Блогерлар фаолиятини ўрганиш доирасида мазкур соҳанинг энг фаол 110 нафар вакиллари рўйхати шакллантирилди. Таҳлил натижаларига кўра, улардан 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, қолган 22 нафари эса жисмоний шахс мақомида фаолият юритмоқда.
Бундай ҳолат блогерлар фаолиятининг амалдаги кўлами билан уларнинг ҳуқуқий мақоми ўртасида номутаносиблик мавжудлигини кўрсатади.
Шунингдек, 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер фаолияти алоҳида ўрганилди. Аниқланишича, 2025 йил давомида улар томонидан 360 та сторис (ўртача ойига 5 та) ва 184 та реклама постлари жойлаштирилган.
Электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали тақдим этилган расмий ҳисоботларга кўра, мазкур блогерларнинг жами даромади 2,7 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, буджетга 110,4 млн сўм солиқ тўланган.
Учрашув давомида блогерлар жамоаси вакилларига реклама жойлаштиришдан олинадиган даромадларни солиққа тортиш бўйича қонунчилик нормалари тушунтирилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми ходим ёллаш ҳуқуқини бермаслиги, амалда эса айрим блогерлар томонидан администраторлар, ёрдамчилар ва бошқа мутахассислар жалб қилинаётгани қайд этилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, ушбу соҳада солиқ мажбуриятларини тушунтириш ва ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган ўқув тадбирларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Солиқ қўмитасида блогерлар фаолиятини солиқ қонунчилиги талабларига мувофиқлаштириш ва даромадлар шаффофлигини таъминлаш муҳим экани алоҳида таъкидланди.