Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

“Биз кўп гўшт еяпмиз”: бу фикрни оқлаш мумкинми?

“Биз кўп гўшт еяпмиз”: бу фикрни оқлаш мумкинми?

“Гўшт қимматлашишига халқнинг кўп гўшт еяётгани сабаб” — бу фикр сўнгги пайтларда трендга чиқди. Албатта, халқ бу фикрларга салбий реакция билдирди. Ўз навбатида бу фикрни оқловчилар ҳам топилди.

“Ресторанларда гўшт кўп-ку” — ресторанларимизда гўшт кўплиги табиий. Аммо шаҳардаги казо-казо ресторанларни қўйинг, ҳамма кирадиган ўртамиёна ресторанларга қаранг, ошхона деяқолайлик. Шахсан ўзимиз кўпинча кирадиган тамаддихоналарда гўштли овқатлар кўп эмас, бориям қиммат. Бир марта ейсиз, икки марта ейсиз, учинчи мартасига чўнтагингиз чидамайди. Агар оддий халқ, ойлик маош ҳисобига яшайдиган халқ ўша ресторанга кириб, ҳар куни ҳеч бўлмаса тушликда сергўшт овқат ейиб кета олса, айтса бўларди “биз кўп гўшт еяпмиз”, деб. Аммо, афсуски, бундай эмас. Ресторану кафеларда гўштли овқат кўплиги бор гап, аммо ўша тамаддихоналарда гўштли овқат ўрнига перашка, гумма, картошкали сомса (гўштли сомса қимматроқ) ейдиганлар ҳам истаганча топилади. Бу ёғини тушундингиз...

Ўзбекнинг тўйида гўшт кўп бўлади. Тўғри, бу ҳақиқат. Ахир ўзбек не-не орзу-ҳаваслар билан тўй қилади. Йиғинади. Битта тўй — ўзбекнинг йиллаб топган даромади. Яъни ўзбек ҳар куни тўй қилиб, ҳар куни дастурхонда кило-кило гўшт тўкканида айтсак бўларди “ўзбек кўп гўшт еяпти”, деб. Барака топкур, уч-тўрт йиллаб йиққан пулига тўй қилганидан кейин гўштни ҳам мўл қилиб қўяди-да...

Чекка-чекка қишлоқларда ҳозир ҳам гўшт еганини байрам қиладиган оилалар топилади. Овқатидан гўшт чиққанида “Урре, гўшт ер эканмиз”, дейдиган болажонлар ҳам талайгина. 50 000 сўмга 1 кило гўшт олишга қурби етмайдиган, аниқроғи, маошининг 50 000 сўмини гўштга сарфлагандан кўра, ўшанга кўпроқ картошка ва пиёз олиб, гўштни унутиб турадиган оилалар ҳам талайгина. Маош олганида рўзғорга керакли озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тузаётганда “гўшт” сўзини ташлаб кетадиган эркаклар талайгина. Буни ҳар куни гўштли, иссиқ овқатларни паққос тушириб, ҳар куни ресторанда жизу шашлик ейдиган амалдорлар қаердан билсин?

Ўзбекни гўштни кўп ейди, дейдиганлар фақат Тошкент билан чекланмасин, фақат кам сонли қатлам билан чекланмасин. Сал ақлни ишлатиш лозим. Ишонинг, ўзбек кўп гўшт еяётгани йўқ, умумий мисолда айтганда бу фикр ўз тасдиғини топади. Бу худди 20 нафар 6 000 000 сўм маош ва 30 000 нафар 8 00 000-1 000 000 сўм маош олаётганлар бўла туриб, ўртача ойлик иш ҳақини 2000 000-250 000 сўм дейишга ўхшайди. Шу ўринда мансабдорларга мурожаат қилмоқчиман, барака топгурлар, нарх ошираётганда ўзингизнинг эмас, халқнинг, оддий халқнинг чўнтагини ҳам ҳисобга олинг. Ишонинг, сиз бугун жуда осон топиб еяётган ўша гўшт, сиз бемалол сарфлаётган ўша бензин ва сиз бемалол ишлатаётган бошқа нарсаларга эга бўлиш учун халқ анчагина тер тўкади. Шуни ҳис қилинг.

Низомжон ИСЛОМОВ

Киритилди: 16:46 11.09.2019. Ўқилди: 4205 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!